Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Адлия вазирлиги ўқитувчилар маошидан 500 минг сўмдан ушлаб қолиниш ҳолати юзасидан текширув ўтказди

Адлия вазирлиги ўқитувчилар маошидан 500 минг сўмдан ушлаб қолиниш ҳолати юзасидан текширув ўтказди

Фото: «Xabar.uz»

Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги томонидан ўқитувчилар маошидан 500 минг сўмдан ушлаб қолиниши ҳолати юзасидан Амударё туманида ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Аниқланишича, Амударё туман ҳокимлиги томонидан тумандаги бюджет ташкилотлари ишчи ходимларининг табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда маиший чиқинди тўловлари бўйича 2019 йил февраль ойи учун режа тасдиқланган. Унга кўра, ҳалқ таълими бўлимига коммунал тўловлар учун 600 млн. сўмлик мажбурий режа белгилаб берилган.

Шу сабабли, туман халқ таълими бўлими томонидан тумандаги 82 та умумтаълим мактабида ишловчи 3 288 нафар ходимнинг иш ҳақидан жами 440 млн. сўмлик пул маблағлари ушлаб қолинган.

Халқ таълими бўлими томонидан мактаблар ходимларининг иш ҳақларидан коммунал тўловлар учун ушлаб қолишда «Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами 1031, 2001 йил 15 май) талабларига риоя қилинмаган.

Низомга кўра, ташкилотлар коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланмаларни ходимларнинг ёзма розилиги билан ушлаб қолиши шарт. Бироқ, коммунал тўлов учун ойлик иш ҳақи ушлаб қолинган 783 нафар ходимдан розилик аризаси олинмаган ва жами 118 млн. сўм маблағ коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар ҳисобварағига ўтказиб берилган.

Шунингдек, низомнинг 3-бандида коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланма тўғрисидаги аризада ходим ўз шахсий ҳисобварағи, коммунал хизматлар қиймати ва тури, коммунал ташкилот реквизитлари ва ушланма амалга оширилиши зарур бўлган даврни кўрсатиши кераклиги белгиланган.

Шунга қарамай коммунал тўлов учун ушлаб қолинган 2 016 нафар ходимдан олинган аризаларда шахсий ҳисоб рақами, тўланаётган давр, коммунал хизматлар қиймати ва тури кўрсатилмасдан жами 256 млн. сўм маблағ ушлаб қолинган.

Аниқлик киритилишича, 489 нафар ходимнинг (65 млн. сўмлик) пул маблағини ушлаб қолишдагина низом талабларига риоя қилинган.

«Ўрганиш натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва бунга йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан интизомий чора кўриш ҳақида 2019 йил 9 февраль куни Амударё туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилиб, ижроси назоратга олинди. Ҳар бир фуқаро меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва бу учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эгадир. Ходимларнинг иш ҳақидан ушланмалар фақат уларнинг розилиги билан ёки суд қарори асосида ушлаб қолиниши мумкин. Бошқа асосларга кўра, уларнинг иш ҳақининг маълум қисмини ушлаб қолишга йўл қўйилмайди»,-дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, иш ҳақидан ноқонуний пул ушлаб қолиш ёки иш ҳақининг маълум қисмини ўтказиб беришга мажбурланиш ҳолатлари юз берса, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига (тел.: 61-223-71-93) ёки qoraqalqoq@minjust.gov.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилиш сўралмоқда.

Аввалроқ ушбу ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ҳам текширув ўтказилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг