Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қорасувдаги мусобақада нималар бўлганди? (видео)

Қорасувдаги мусобақада нималар бўлганди? (видео)

Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари ўзбек жангчиси қирғиз халқини ҳақорат қилган WEF PROFFIGHT мусобақасидаги ҳолатни муҳокама қилишган.

"18 август куни Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув шаҳрида “қулатув” жанги бўйича WEF PROFFIGHT турнирида содир бўлган воқеа юзасидан интернет маконида пайдо бўлган видеолавҳалар ва изоҳларга эътибор қаратдик", дейилади ТИВ хабарида.

18 август куни ўзбекистонлик жангчи Нурсултон Рўзибоев Ўш вилояти Қорасув шаҳрида ўтган қулатув (қадимги қирғиз ҳарбий санъатига асосланган яккакураш тури) спорт тури бўйича мусобақада қирғиз рақиби Олтинбек Ариқбоев билан жанг олиб борган. Видеода тасвирланишича, қирғизистонлик спортчи таслим бўлади. Ўша аснода ҳакам ҳам жангни тўхтатади.

Нурсултон ўзини ғолиб деб ҳисоблагач, Ўзбекистон байроғини кўтарган (видеони кўринг). Рингдаги ҳакам бунга йўл қўймаган ва байроқни отиб юборган. Кейинчалик қирғиз ҳаками бу қилиғи учун ўзбек халқидан узр сўраб, видеомурожаат йўллаган.

Жангдан сўнг Нурсултон Рўзибоев Instagram Stories орқали тўғридан-тўғри эфирга чиқиб, "Бу ифлослар ўз президентини ҳибсга олди, уларни ўзгартириб бўлмайди, (улар) милицияни бир тийинга олмайди", деган.

Ижтимоий тармоқдаги қирғиз фойдаланувчилар спортчининг бу фикрларига қарши интернетда "бош кўтаришди". Кейинроқ эса Рўзибоев яна бир мурожаат йўллаган: "Мен Қорасувдаги мусобақа ҳақида гапирдим, Қирғизистон хусусида эмас. Видеода худди Қирғизистон ҳақида гапирганимдек талқин қилишяпти. Қирғизистонда ака-укаларим, таниш спортчилар яшайди, улар билан муносабатим яхши", деган у.

Ўш вилояти милицияси хабарига кўра, Нурсултон Рўзибоев миллатлараро низо чиқаришда гумонланмоқда. Бу ҳолат бўйича судгача иш тергов бошланган.

Мазкур масала бўйича бугун, 22 август куни Абдулазиз Комилов Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков билан телефон орқали гаплашган. Улар ишнинг барча жиҳатларни биргаликда ўрганиш ва икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар руҳида вазиятни ҳал қилишга келишишган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг