Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон делегацияси ҳакамлик суди палатаси бош котиби билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон делегацияси ҳакамлик суди  палатаси бош котиби билан учрашув ўтказди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

20 июнь куни ҳакамлик судининг доимий Палатаси биносида Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегациясининг Ҳакамлик судининг доимий Палатаси Бош Котиби Хюго Сиблез билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув Ўзбекистон делегациясининг Халқаро хусусий ҳуқуқ буйича Гаага конференциясининг 22-дипломатик сессиясига бўлган ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Конференция ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Координаторлари Офиси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Х.Мелиев Хакамлик судининг доимий Палатаси вакилларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, инвестициявий ва бизнес муҳитини яхшилаш борасида қабул қилинган чоралар тўғрисида ахборот берди.

Делегация раҳбари Ўзбекистонда юридик кадрларни тайёрлаш, мамлакатнинг ёш мутахассислари малакасини ошириш, халқаро арбитраж муҳокамасини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш масалалари борасида тажриба алмашиш, Тошкент халқаро арбитраж маркази билан ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари борасида сўз юритди.

Х. Сиблез делегацияни Хакамлик судининг доимий Палатасининг асосий фаолияти билан таништириб, Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида фикр юритди. Шунингдек, мамлакатнинг ҳакамлик судининг доимий Палатасига аъзолик ҳамда мамлакат вакилларининг хакамлар рўйхатига киритилиши истиқболлари алоҳида таъкидланди.

Х. Сиблез Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш, арбитраж борасида тажриба алмашиш, халқаро ҳуқуқ соҳасида кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Томонлар ҳакамлик судининг доимий Палатасида йиллик амалиёт ўташ борасида ривожланаётган мамлакатлар юридик олий таълим муассасалари битирувчиларига молиявий ёрдам кўрсатишга йўналтирилган ва 2010 йилда ташкил этилган Хакамлик суди доимий Палатасининг таълимни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан фойдаланиш имкониятлари борасида фикр алмашдилар.

Музокаралар давомида иштирокчилар томонидан қабул қилаётган давлат мақоми тўғрисида келишув тузиш масаласи муҳокама қилинди. Мазкур ҳужжат ҳакамлик суди доимий Палатаси томонидан кўрилаётган арбитраж ишларини ўз ҳудудида қабул қилиш имкониятини кўзда тутади.

Таъкидлаб ўтилганидек, бу Марказий Осиёнинг ривожланаётган ҳудудида арбитраж майдони сифатида Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини кўтарилишига ўз ҳиссасини қўшади.

Тошкент халқаро арбитраж маркази Директори Д.Байзакова икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ўз фикрини билдирди.

Учрашув якунида томонлар келгусида конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш борасида келишиб олдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг