Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон музейлари мутлақо янгича кўриниш олади

Ўзбекистон музейлари мутлақо янгича кўриниш олади

Фото: «Novate.ru»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 август куни «Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди.

Унга кўра, Музейлар реновация дастурини жорий этишнинг асосий мақсадлари қуйидагича:

— музейлар бюджетининг камида 30 фоизини тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар ҳисобидан, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали, шунингдек, музейлар бюджетининг камида 15 фоизини хайрия маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи ўзини ўзи таъминлаш принципига асосланган музейларни молиялаштириш моделини жорий этиш;

— музейлар инфратузилмасини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш орқали кўрсатиладиган хизматларнинг интерактивлигини ошириш, шу жумладан, «smart»-технологияларни (ахборот дўкончалари, 3D визуализация ва голограмма, QR-кодлар, чет тилларидаги электрон гидлар ва ҳоказоларни) жорий этиш;

— аҳоли, энг аввало, ёш авлод учун мўлжалланган, Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда, музейларнинг фаолиятига инновацион ахборот технологиялари кенг жорий этиш ва музей экспонатларининг рақамли шаклларини яратиш орқали музей экспонатларини кўриш имконини берадиган инфратузилмани яратиш, кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш учун музейларнинг маъмурий тузилмасини такомиллаштириш;

— ходимларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни энг яхши жаҳон амалиётларига мувофиқ музейларнинг раҳбар лавозимларига очиқ танлов асосида жалб қилиш амалиётини жорий этиш;

— Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини оммалаштириш ва танитиш мақсадида музейларнинг ижтимоий маконга тўлиқ интеграциялашувини таъминлаш;

— музейларда имкониятлари чекланган шахслар, кекса ёшдаги ташриф буюрувчилар, мактабгача ёшдаги болалар ва уларга ҳамроҳлик қилаётган шахсларга хизмат кўрсатиш ва қулайлик яратишнинг инклюзив услубларидан кенг фойдаланиш;

— музейларда академик тадқиқотларни, шу жумладан, Жамғарма маблағлари ҳисобидан грантлар ажратиш орқали маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларни жалб қилган ҳолда ривожлантириш.

Шунингдек, Реновация дастури Ўзбекистон амалий санъат музейида (Тошкент шаҳри), И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейида (Нукус шаҳри) ва Ойбекнинг уй-музейида (Тошкент шаҳри) амалга оширилади.

Реновация дастури Жамғарма, маҳаллий ҳамда хорижий донорлар ва меценатлар маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Жамғарманинг Ижро этувчи директори зиммасига Реновация дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юкланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг