Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

10-11-синф ўқувчилари ўртасида янги танлов ташкил этилади

10-11-синф ўқувчилари ўртасида янги танлов ташкил этилади

Фото: «Mitc.uz»

Ўзбекистонда 10-11-синф ўқувчилари ўртасида математика, физика ҳамда информатика фанлари бўйича «Ал-Хоразмий издошлари» номли анъанавий кўрик-танлов ташкил қилинади. Бу ҳақда АКТ вазирлиги сайтида хабар берилди.

Танлов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилади.

Кўрик-танловнинг асосий мақсади буюк олим ва математик Муҳаммад Ал-Хоразмийнинг илмий меросини тарғиб қилиш, ёш авлоднинг аниқ фанларга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек ахборот технологиялари соҳасида иқтидорли ёшларни юзага чиқариш, уларга салоҳиятларини намойиш қилишлари учун зарур шароитларни яратиб беришдан иборат.

Кўрик-танлов апрель ойида старт олади ва уч босқичда ташкил қилинади. Биринчи босқичда иштирокчилар ўз мактабларида математика, физика ҳамда информатика фанларидан онлайн усулда имтиҳон топширадилар. 80 дан юқори балл тўплаган ёшлар танловнинг кейинги босқичига йўл олишади. Иккинчи босқич минтақавий шаклда бўлиб ўтади ва иштирокчилар учала фанга доир жами 9 та топшириқни бажаришлари керак бўлади. 100 баллик имкониятдан 75 балл тўплаганлар сўнгги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказиладиган сўнгги босқичда танлов қатнашчилари эътиборига математика, физика ҳамда информатика фанларига доир 15 та вазифа ҳавола қилинади.

Танловда энг юқори балл тўплаган олти нафар ғолибга «Муҳаммад Ал-Хоразмий издошлари» танловининг дипломи ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 65 баробаридан 100 баробаригача миқдорда пул мукофоти топширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг