Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда «Big Data»: Келажак натижаларидан хабардор бўламиз

Ўзбекистонда «Big Data»: Келажак натижаларидан хабардор бўламиз

Фото: «Inspira Enterprise»

Ҳали кўпчиликка маълум бўлиб улгурмаган салмоқли маълумот тушунчаси ҳақида мавзу очган эдик. «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази «Электрон ҳукумат» тизимининг ахборот-ресурсларини ривожлантириш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Пўлатжон Қурбонов мамлакатимизда «Big Data» истиқболлари тўғрисида маълумот берди.

Пўлатжон Қурбонов. Фото: «Xabar.uz»

Салмоқли маълумотлар аслида илмий-тадқиқотга алоқадор соҳаларда аввалдан ҳам мавжуд бўлган бўлса-да, лекин сўнгги йиллардагина ушбу феномен кўпроқ тилга олинадиган бўлди. Бунга сабаб бугунги кунда янги технологиялар, қурилмалар ва алоқа воситаларининг тезкор ривожланиши, ижтимоий тармоқларнинг кенг миқёсда ёйилиши таъсирида инсоният томонидан ишлаб чиқилаётган маълумотлар миқдори кескин тарзда ортиб боришидир.

Ҳозирги кунда инсоният томонидан маълумот ҳар 10 дақиқада яратилмоқда. Бу турдаги катта ҳажмли маълумотлар билан ишлашда янгидан-янги алгоритм ва технологиялар ишлаб чиқилмоқда ва амалиётда кенг қўлланиляпти. Атрофимиздаги миллиардлаб тўпланиб қолган маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва улардан самарали фойдаланиш орқали маълум ҳолат ёки объект тўғрисида тарихий, жорий ва келажак вақт учун муҳим бўлган билимларга эга бўлишимиз мумкин. Бунинг учун дастлаб ушбу маълумотлар манбаини аниқлаш муҳим амаллардан бири ҳисобланади.

Салмоқли маълумот тушунчаси катта ўлчамдаги ишларни бажара оладиган операторларга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, «Facebook» компанияси соатига 10 миллиондан ортиқ янги расмлар жойлаши билан фахрланиши мумкин. «Google» компаниясининг 800 миллион нафар «Youtube» хизмати фойдаланувчилари ойига ҳар сонияда бир соатдан кўп видеолар жойлаштиради. Бундан кўриниб турибдики, ҳозирги даврда салмоқли маълумот вазифаси ўта муҳим аҳамиятга эга.

Катта миқдордаги маълумотларни таҳлил қилиш инсон ҳис этиш имкониятидан ташқарида бўлган қонуниятларни аниқлашда ёрдам беради. Бу эса кундалик ҳаётимиздаги барча соҳалар – ҳукуматни бошқариш, тиббиёт, телекоммуникация, молия, транспорт, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларни янада яхшилаш, уларнинг имкониятларини ошириш, муаммоларга муқобил ечимлар излаб топиш имконини яратади. Бугунги кунда салмоқли маълумотларни молиявий ташкилотлар ҳам кенг қўллай бошлаши натижасида маълумотлар таҳлилининг рақобатбардошлигини ошириш ва самарадорликни кучайтириш каби муҳим масалалар ўз ечимини топмоқда.

Салмоқли маълумотлардан фойдаланиш ахборот мутахасисси учун қўшимча вазифалар ва талаблар яратишдан ташқари, янги маълумотларни топиш (Data mining) ва маълумот бўйича мутахассис (Data scientist) каби касбларнинг пайдо бўлишига олиб келади.

«Data mining» – бирон қонуниятни топиш мақсадида маълумотларни таҳлил қилишга айтилади.

«Data science» тушунчасига маълумотлар омборини лойиҳалаш ва рақамланган маълумотларни қайта ишлашнинг барча методлари киради. «Data science» салмоқли маълумотнинг бизнес нуқтаи назаридан ҳозирги замонавий ўриндоши ҳисобланади.

Бугунги кунда электрон ҳукумат тизими бутун дунёда, шу жумладан,Ўзбекистонда кенг ривожланаётган тизим ҳисобланади. Бу тизим фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва давлат ҳокимияти органларига аввалдан шаклланган давлат хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кўзда тутади.

Мамлакатимизда интерактив давлат хизматларини жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларининг веб-сайтлари ва Ҳукумат портали орқали тақдим этиш учун ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш кенг йўлга қўйилган. Ҳозирги кунга қадар электрон ҳукумат тизимининг бир қанча лойиҳалари самарали амалга оширилди.

Юқорида таъкидлаганидек, ҳукуматни бошқаришда салмоқли маълумотлар кенг имкониятлар очиб беради. Электрон ҳукуматда халқаро стандартлар талабларига мос келадиган «Big Data», «Data мining» ва «Artificial intelligence» каби замонавий технологияларга асосланган сифатни бошқаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимини яратиш сифат даражаси ўсишини амалга ошириб, бир қанча муаммоларни ечишга имкон беради.

Айни дамда марказимиз «Электрон ҳукумат» тизимининг ахборот-ресурсларини ривожлантириш департаментида айнан салмоқли маълумотлар билан ишлаш, унга бутун ташкилотларни жалб қилиш режалари ишлаб чиқилмоқда. Салмоқли маълумотларни қайта ишлаш натижасида муқобил ечим излаш, яъни «Business intelligence» (бизнес-интеллект) орқали келажакда келиб чиқадиган натижалардан ҳам хабардор бўлишимиз мумкин.

Маълумот ўрнида:

  • IBS маълумотига кўра, 2003 йили дунёда 5 эксабайт (1 ЭБ = 1 млрд. гигабайт) маълумот тўпланган. 2008 йилга келиб бу ҳажм 0,18 зеттабайт (1 ЗБ = 1024 эксабайт)га, 2011 йили – 1,76 зеттабайтгача, 2013 йили эса 4,4 зеттабайтгача ўсган. 2015 йилнинг майида маълумотларнинг глобал миқдори 6,5 зеттабайтга кўтарилган. Тахминларга кўра, 2020 йилга бориб, инсоният 40-44 зеттабайт ахборот ишлаб чиқади. «The Data Age»нинг IDC компанияси таҳлилчилари томонидан тайёрланган ҳисоботида айтилишича эса 2025 йилгача бу миқдор 10 баравар ўсади.
  • Салмоқли маълумот учун Meta Group компанияси 2001 йилдаёқ ишлаб чиққан “Уч V” анъанавий хусусиятлар аҳамиятлидир:
  1. Volume – маълумотлар ҳажмининг катталиги.
  2. Velocity – маълумотлар ўсиш тезлиги ва натижага эришиш учун уларни тез қайта ишлаш.
  3. Variety – турли маълумотларни бир вақтнинг ўзида қайта ишлаш имконияти.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг