Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда Давлат бюджети харажатлари миқдори маълум қилинди

Ўзбекистонда Давлат бюджети харажатлари миқдори маълум қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил I ярим йилликдаги ижроси маълум бўлди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Ҳисобот даврида Ўзбекистонда Давлат бюджети харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 33 017,2 миллиард сўмни ташкил қилди.

Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилгани таъминланиб, соҳага умумий харажатларнинг 55,7 фоизи миқдорида маблағлар сарфланган. Бунда асосий эътибор аҳолининг реал даромадларини изчил ошириб бориш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантиришга, шаҳар ва қишлоқ жойларда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойлар барпо этиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни ўз вақтида молиялаштиришга қаратилгани, айниқса, эътиборлидир.

Аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», арзонлаштирилган уй-жойлар қуриш сингари ижтимоий аҳамияти юқори бўлган йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида Президент томонидан белгиланган вазифаларни бажариш Давлат бюджети ижросининг устувор йўналишлари бўлди. Жумладан, таълим соҳасига ижтимоий харажатларнинг 52,2 фоизи ажратилган, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 4 178,8 миллиард сўмни ташкил этган.

2018 йилда тез-тиббий ёрдамни молиялаштириш ҳажми оширилди. Ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам бригадаларини марказлашган тарзда дори воситалари ва тиббиётда қўлланиш учун мўлжалланган буюмлар билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди. Онкология муассасаларини молиялаштириш ҳажми 2017 йилга нисбатан 1,5 баробарга оширилди. Бундан ташқари, ҳисобот даврида қариялар ва ногиронлар учун санаторийлар ҳамда интернат уйларига – 52,8 миллиард сўм, кичик ёшдаги ногирон болалар учун интернат-уйларига – 18,9, уй шароитида ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлинмаларига – 18,1, ногиронлар реабилитация марказларига – 12 миллиард сўм маблағлар йўналтирилди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг турмуш фаровонлигини ошириш харажатларига Давлат бюджетидан 1 397,8 миллиард сўм миқдорда маблағлар йўналтирилган. Биргина болаликдан ногиронлар учун тўланадиган нафақаларга Давлат бюджетидан 511 миллиард сўм маблағ ажратилгани ушбу соҳага эътиборнинг кучайиб бораётганидан далолатдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг