Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонлик генерал Афғонистоннинг собиқ раҳбари қароргоҳини забт этишдаги иштирокини ошкор этди

Ўзбекистонлик генерал Афғонистоннинг собиқ раҳбари қароргоҳини забт этишдаги иштирокини ошкор этди

Ҳафизулло Амин

Фото: Real-vin.com

Ўзбекистонлик генерал Александр Камбаров «Даракчи» газетасига берган интервьюсида Совет армиясида хизмат қилган пайтида Афғонистоннинг собиқ раҳбари Ҳафизулло Амин қароргоҳини забт этишда иштирок этганини маълум қилди.

«Мен махсус тайинланган қўшинда хизмат қилганман, — дея эслайди А.Камбаров. — 1979 йили «Мусулмон батальони» деб ном олган ҳарбий бўлинмамиз Афғонистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Ҳафизуллоҳ Амин қароргоҳига ҳужум қилди. Мен ўшанда раҳбарият томонидан белгиланган вазифани сидқидилдан адо этганман. Кейинчалик бунинг учун мукофот ҳам беришган.

Тайёргарлик ишлари Чирчиқда бўлиб ўтди. Батальонимиз 545 киши — фақат ўзбек, тожик ва туркманлардан иборат эди. Бизни ёпиқ режимда тайёрлашди ва қайта кийинтириб Афғонистонга юборишди. Биз ўша пайтларда офицер бўлсак-да, бизни сержант формасида жўнатишди.

Биз аслида киммиз, қаерга юборилганимизни раҳбариятдан бошқа ҳеч ким билмасди. Ҳатто ўзимиз ҳам қаерга учаётганимизни билмасдик, фақат муҳим ҳарбий топшириқни бажаришимиз лозимлигини билардик, холос.

Фақат чегарани кесиб ўтганимизда, командир ёнимизга келди ва: «Биз Афғонистонга кириб келдик, ҳозир Баграмга бориб жойлашамиз!» деди.

Кўп ўтмай бизни у ердан Қобулга юборишди. Яна тайёргарликдан ўтдик. Батальонимизга келиб қўшилган янги йигитлар билан танишдик.

Қасрга ҳужум 1979 йил 27 декабрга мўлжалланган эди. Биз батальондан 4 кишини йўқотдик...»

Генералнинг эслашича, улар ўша воқеадан бир ой ўтиб, Афғонистонни тарк этишган ва бошқа қайтишмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳафизулло Амин 1978-1979 йилларда Афғонистон Халқ Демократик партиясининг Марказий кенгаши бош котиби ва инқилобий кенгаш раиси лавозимларида ишлаган. КПСС Марказий кенгашининг махфий қарорига кўра, собиқ иттифоқ қуролли кучлари томонидан 1979 йил 27 декабрь куни унинг Қобулдаги қароргоҳи босиб олинган. Унинг қай тахлит ўлдирилгани ҳақида турли тахминлар мавжуд. Айрим тахминларга кўра, Ҳафизулло Амин ҳужум пайтида ўз жонига қасд қилган.

«Правда» газетасининг 1979 йил 30 декабрдаги сонида босилган хабарга кўра, «Ҳафизулло Амин халқ қўзғолони натижасида қўлга олинган ва одил суд ҳукмига кўра қатл қилинган».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг