Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзтрансгаз»дан келмаган жавоб: газ ҳисоблагичлар кимнинг ҳисобидан ўрнатилади?

«Ўзтрансгаз»дан келмаган жавоб: газ ҳисоблагичлар кимнинг ҳисобидан ўрнатилади?

Фото: «Коммерсант»

«Адолат» газетасининг навбатдаги сонида «Газ ҳисоблагичлар кимнинг ҳисобидан ўрнатилади?» номли мақола эълон қилинди.

Унда айтилишича, таҳририят жорий йилнинг 16 январь (!) куни «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти раҳбариятига хат юбориб, ташкилот фаолиятига бир қатор саволлар билан мурожаат қилган. Лекин орадан икки ойдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай, жамият раҳбарлари таҳририят саволларига жавобан сукут сақлаётганлиги тушунарсиз ҳол.

Маълумки, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига мувофиқ «Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак. Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек, мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилади», «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасида «Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилинади, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади», «Мурожаат, агар унда қўйилган барча масалалар ушбу қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда, кўриб чиқилган ҳисобланади», деб белгиланган.

«Ўзтрансгаз» АЖ мутахассислари учун саволларга белгиланган қоидалар, амал қилинаётган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий йилнинг январь ойидаёқ жавоб тайёрлаш наҳотки шунчалик қийин бўлган бўлса?!», — дейилади мақолада. — Бизнингча, берилган саволлар бевосита мазкур ташкилотнинг фаолиятига дахлдор».

Газета «Ўзтрансгаз» АЖга йўлланган саволларни келтирган:

  1. 2018 йил 1 апрелдан ва кейинчалик 1 августдан аҳоли учун табиий газ ва суюлтирилган газ нархлари ошиши ҳақида фикрлар айтилмоқда. Аввало, ушбу оширилган нархлар ҳақида маълумот берсангиз. Бу нархларни 1 куб метр табиий газ нархи тарзида ҳам аниқ тушунтирсангиз.
  2. Тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари учун табиий газ нархлари жорий йилнинг 1 январь кунидан бошлаб оширилди. Бунда асосан нималар назарда тутилгани ҳақида сўз юритсангиз. Шунингдек, мазкур нархлар ушбу корхоналар фаолиятида маҳсулотларнинг таннархи ва баҳосига таъсир қилиши эҳтимоли ҳам эътиборга олинганми?
  3. Табиий ва суюлтирилган газ нархлари қандай мезонлар асосида оширилади? Бошқача айтганда, бунинг сабаблари нималардан иборат?
  4. Табиий ва суюлтирилган газ нархларининг оширилиши молиявий, иқтисодий ва бошқа бирор жиҳатдан қандай натижаларга олиб келади, деб ўйлайсиз?
  5. Ҳали фойдаланилмаган табиий газ учун фуқаролар бир ойдан кўпроқ муддатга олдиндан тўлаган маблағлар тегишли корхона ҳисоб рақамида шунчаки сақлаб турилмасдан мақсадли фойдаланишга йўналтириладими?
  6. Табиий газдан қанча миқдорда фойдаланганлигини истеъмолчи ҳисоблагичга қараб бемалол аниқлаши мумкин. Аммо газ баллони харид қилинган миқдордаги суюлтирилган газ билан тўлдирилганини аниқлашда уни тарозида тортиб кўришнинг ўзи кифоя қилармикан? Бу борада қайсидир даражада қалбакилаштириш ҳолатлари ҳам учрайдими? Умуман, истеъмолчи (аҳоли) баллондаги фойдаланишга яроқли газ миқдорини оддий усулда қандай аниқлай олади?
  7. Газ ҳисоблагичларнинг янги, яъни тўрт йилда эмас, ўн йилда бир марта тегишли қиёслаш назоратидан ўтадиган замонавий турлари қачондан бошлаб аҳоли хонадонларида ўрнатилади? Айтинг-чи, фуқароларнинг хонадонларига янги ҳисоблагичлар кимнинг ҳисобидан ўрнатилади?
  8. Фуқаролар хонадонларда газдан самарали фойдаланишда кўпинча нималарни эътибордан четда қолдиришмоқда, деб ҳисоблайсиз? Корхоналар-чи?

Таҳририятнинг қўшимча қилишича, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб янгиланган нархлар ҳақида ОАВ орқали кўпчилик аҳоли аллақачон маълумотларга эга бўлди. Аммо ўқувчиларни қизиқтирган, яъни юқорида қайд этилган саволларнинг айримлари ҳамон очиқ турибди.

«Адолат» газетаси «Ўзтрансгаз» АЖ раҳбарияти мазкур саволларга яқин кунларда жавоб йўллашига умид билдирган.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг