Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент қарорига кўра Наманганда муҳим тиббий муассаса очилмоқда

Президент қарорига кўра Наманганда муҳим тиббий муассаса очилмоқда

Фото: «Лечение в Израиле»

Статистик маълумотларга қараганда, Наманган вилояти аҳолиси ўртасида биргина кўз катарактасини жарроҳлик йўли билан даволашга муҳтожлар сони олти минг нафардан зиёддир. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг кўз касалликлари бўлимида йилига уларнинг атиги 250-300 нафаригагина жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинмоқда. Қолган беморлар қўшни Андижон, Фарғона ҳамда пойтахт клиникаларига боришга мажбур бўлишмоқда. Бу эса ўз навбатида беморларга қийинчилик туғдириб, аҳоли ўртасида ўринли эътирозлар келтириб чиқараётган эди.

Болалар ва катталар ўртасида кўз жароҳатланиши юз берганда вилоят муассасаларида алоҳида туну кун юқори малакали шошилинч офтальмология хизмати кўрсатувчи бўлим ташкил этилмаган ҳам. Оқибатда тунги пайтларда мурожаат этувчи беморлар вақтида ёрдам олишолмаётган эди. Ҳозирда бу муаммоларга ечим изланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, Наманган вилояти аҳолисига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган офтальмология ёрдамини янада такомиллаштириш мақсадида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ташкил қилинмоқда. Филиалнинг 80 ўринли бўлиши мўлжалланмоқда.

Бу ерда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга кўз касалликлари профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг замонавий илғор усуллари қўлланади.

Шаҳар ва туманлар марказий шифохоналари офтальмология бўлимларига ташкилий-услубий, тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий усуллари ва технологияларини амалиётга жорий этиш, зарур профилактик ишларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш, сайёр консультациялар, «Маҳорат дарслари» уюштириш режалаштирилган.

Шунингдек, филиал тиббиёт ходимлари кўз касалликлари диагностикаси ва уларни даволашнинг замонавий усуллари бўйича Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Андижон ва Самарқанд давлат тиббиёт институтларининг офтальмология кафедраларида малака оширишади.

Янги шифохонада аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида туну кун фаолият олиб борувчи шошилинч тез ёрдам пости ташкил қилинади.

Санжарбек Ҳамидов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг