Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент спорт федерацияларининг фаолиятини кескин танқид қилди

Президент спорт федерацияларининг фаолиятини кескин танқид қилди

Фото: «President.uz»

Шавкат Мирзиёев бугун, 20 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда спорт федерациялари фаолиятига алоҳида тўхталди.

Корхоналар, таълим муассасалари, истироҳат боғларида оммавий бадантарбия ва гимнастика машғулотларини ўтказиш эътибордан четда қолиб кетгани қайд этилди. Бундай машқларнинг инсон саломатлиги учун фойдалилигини тарғиб қилиш мақсадида доимий кўрсатув ва ижтимоий роликлар тайёрлаб, телевидение орқали намойиш этиш лозимлиги таъкидланди.

– Мамлакатимизда спортни оммалаштириш бўйича беш йиллик миллий концепция ишлаб чиқиш зарур. Аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, соғлом турмуш кечиришга жалб этиш, шу орқали касалликларнинг олдини олиб, одамларнинг умрини узайтириш концепциянинг асосий йўналиши ва натижаси бўлиши керак, – деди Президент.

Йиғилишда федерацияларнинг иши сустлиги сабабли от спорти, сузиш, қиличбозлик, ўқ отиш ва жамоавий спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларда яхши натижаларга эришилмаётгани танқид қилинди. Шу боис Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ташкил этилаётган олимпия тайёргарлиги марказларини 2020 йилга қадар фойдаланишга топшириб, уларда Хитой тажрибасини қўллаш, яъни спортчиларнинг марказда доимий истиқомат қилиб, мақсадли тайёргарлик кўриш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мутасадди раҳбарларга барча спорт федерациялари фаолиятини танқидий ўрганиб, уларнинг ишини, айниқса, селекция йўналишини тубдан яхшилаш, раҳбар кадрларнинг масъулиятини ошириш топширилди.

Малакали мураббийлар камлиги, хусусан, қишки спорт турлари бўйича мутахассислар етишмаслиги қайд этилди. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига мураббийлар тайёрлашни такомиллаштириш, уларга лицензия бериш механизмини соддалаштириш вазифаси қўйилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг