Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент танқид қилган маҳаллада иш бошланди

Президент танқид қилган маҳаллада иш бошланди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида шаҳар чеккасидаги Бунёдкор маҳалласини бориб кўриб, бу ердаги аҳвол маҳалла номига зид эканлиги, аҳолининг фаровон турмуши учун зарур бўлган инфратузилма талаб даражасида эмаслигини кескин танқид қилганди.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга зарур муҳандислик тармоқларини тортиб, маҳалладаги шароитларни яхшилаш бўйича кўрсатма берган эди.

«Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти ҳам давлат раҳбарининг ҳақли эътирозларидан тегишли хулоса чиқарган ҳолда ва тегишли кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида 12 минг киши истиқомат қиладиган чекка ҳудудда тармоқ тортиш ишларини изчиллик билан олиб бормоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017 — 2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган дастур доирасида «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига аҳоли истеъмолчиларини сифатли электр энергияси билан таъминлаш учун 95 дона янги темир-бетон таянч, қўшимча 250 кВАли трансформатор пункти ва 3.4 километр масофа бўйлаб янги тармоқ қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур ишлар натижасида истеъмолчиларнинг электр энергияси билан боғлиқ эътирозлари бартараф этилади.

Маҳаллада олиб борилаётган тармоқ тортиш ишлари «Саноат», «Гаистон», «Мустақиллик 10 йиллиги», «Сардор», «Чорвадор», «Боғбон», «Янги замон», «Баҳор» кўчаларини қамраб олмоқдаки, бу ушбу ҳудудлар ёруғлигини таъминлайди. Хонадонларда электр таъминотини бир маромда кечишига хизмат қилади, дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг