Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пропискага қўйиш ва чиқариш. Давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти лойиҳаси ишлаб чиқилди

Пропискага қўйиш ва чиқариш. Давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти лойиҳаси ишлаб чиқилди

Фото: «Xabar.uz»

Фуқароларни доимий прописка қилиш ва пропискадан чиқаришга доир давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти лойиҳаси ишлаб чиқилди ва regulation.gov.uz  сайтида жойлаштирилди.

Лойиҳа фуқароларни доимий прописка қилиш ва пропискадан чиқариш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада соддалаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ушбу маъмурий регламент Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятларда (Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ташқари) доимий прописка қилиш ва пропискадан чиқаришга доир давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.

Эндиликда ушбу хизмат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилади.

Маъмурий регламент орқали фуқароларга композит хизмат — яъни бир вақтнинг ўзида туркум хизматлар кўрсатилиши режалаштирилмоқда.

Жумладан, фуқаро доимий пропискадан чиқиш ёки прописка қилиш учун Давлат хизматлари марказларига қилган мурожаати орқали бир вақтнинг ўзида унга доимий пропискага доир хизмат билан бирга, ҳарбий ҳисобга қўйиш ва ундан чиқаришга доир хизматлар ҳам кўрсатилади.

Ушбу орқали давлат хизматини кўрсатиш жараёни янада соддалаштирилиб, фуқароларнинг ички ишлар ва мудофаа органларига бир неча маротаба мурожаат қилишининг олди олинмоқда.

Бундан ташқари, Регламентга мувофиқ, тақдим этиладиган ҳужжатлар, тўлдириладиган турли бланк ва шакллар сони кескин қисқартирилиб, барча ҳаракатлар электрон тизим орқали амалга оширилиши белгиланмоқда.

Жумладан, амалдаги уй дафтари, қайд этиш карточкаси, квартиралар бўйича карточка, кетиш манзил варақаси, келиш манзил варақаси кабилар чиқариб ташланиб, биргина сўровномани тўлдириш орқали ушбу маълумотлар тўлиқ электронлаштирилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, фуқаро доимий прописка қилиш учун мурожаат қилганда тегишли сўровномани унинг номидан Давлат хизматлари маркази ходими тўлдиради, сўровномага уй-жой ҳужжатлари ва бошқа тегишли ҳужжатларнинг фақатгина рўйхат рақами (масалан, кадастр рақами) киритилиб, асл нусхаси мурожаат этувчига қайтариб берилади.

Бунда, ушбу ҳужжатлар электрон тизим орқали тегишли манфаатдор вазирлик ва идора томонидан (масалан, кадастр рақами орқали турар жой ва унинг эгаси ҳақидаги маълумотлар «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси томонидан, ФҲДЁ ҳужжатлари ва нотариал тасдиқланган ҳужжатлар — Адлия вазирлиги томонидан) текширилади.

Ушбу амалиёт доимий прописка учун сохта ҳужжатларни тақдим этишга доир ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига хизмат қилади.

Фуқаро эндиликда доимий пропискадан чиққанлиги ва ушбу муносабат билан ҳарбий ҳисобдан чиққанлик учун ички ишлар ва мудофаа органларига паспорт ва ҳарбий гувоҳномага тегишли муҳр қўйдириш мақсадида мурожаат қилмайди.

Ушбу ҳаракатлар доимий прописка қилиш ва ҳарбий ҳисобга қўйишга доир хизмат кўрсатилиши якуни бўйича бир вақтнинг ўзида амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, амалдаги тартибдан фарқли равишда фуқаролардан тақдим этилаётган ҳужжатлар сони қисқартирилганлиги оқибатида тегишли ҳужжатлардан нусха кўчириш, шунингдек уй дафтари, қайд этиш карточкаси, квартиралар бўйича карточка, кетиш манзил варақаси, келиш манзил варақаси каби турли бланк ва шаклларни тўлдирганлик учун пуллик хизматларга кетадиган харажатларнинг олди олинмоқда. 

Давронбек Равшанбеков,
Давлат хизматлари агентлиги бўлим бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг