Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Тақиқдаги «прописка»: Уни бекор қилиш бўйича учинчи бор петиция йўлланди

Тақиқдаги «прописка»: Уни бекор қилиш бўйича учинчи бор петиция йўлланди

Фото:«Xabar.uz»

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига прописка режимини бекор қилиш бўйича учинчи бор петиция юборганини маълум қилди.

Кеча қизиқ воқеа бўлди, шуни Сизларга сўзлам берсам.

«Менинг фикрим» деган жамоавий мурожаатлар портали бор. Мен бу портални кўзбўямачиликка очилган деб ҳисоблайман. Чунки шу кунгача 2 марта пропискани бекор қилиш ҳақида петиция қолдирган эдим. Аммо биринчи петициям ҳам, иккинчи петициям ҳам цензурадан ўтмаган ва ҳаттоки овозга ҳам қўйилмасдан рад қилинган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида прописка мавзуси ҳам тилга олинди ва бу тизим давлатимиз раҳбари томонидан «30 йил давомида халқимизнинг оёғига солинган кишан» деб баҳоланди.

Шундан кейин ўйлаб қолдим. Балки энди прописка ҳақидаги петициямни чиқаришар. Аввал рад қилишганини тушунса бўлади, чумчуқ пир этса, юраги шир этадиганлар бунақа петицияларни чиқаришга қўрқишган. Лекин шахсан Президентнинг ўзи ушбу тизимни танқид қилиб турганда бундай петицияни рад қилиш аҳмоқгарчиликку!

Шундай хаёл билан порталга кирдим ва прописка режимини бекор қилиш тўғрисида петиция қолдирдим. Лекин...

Лекин ҳар қанча урунмай петицияни жойлаб бўлмади, «Юбориш» тугмасини босишим билан яна орқага қайтиб қолаверди. Ҳайрон бўлдим. Хаёлимга келган дастлабки фикр мени блоклашибди деб ўйладим. Шу сабабли петиция жойлашни дўстларимдан илтимос қилдим. Аммо улар ҳам прописка ҳақида қолдира олишмади. Синов тариқасида умуман бошқа мазмундаги исталган матнни киритсак, база қабул қиляпти, аммо айнан прописка ҳақидагисини жойлаб бўлмаяпти.

Демак, бундан хулоса қилиш мумкинки, порталда «прописка» деган сўзни «қора рўйхат»га киритиб, шу мазмундаги петицияларни қабул қилмайдиган қилиб қўйишибди. Қойил, баракалла! Бунақа каллалар билан Ўзбекистон келажаги гуллаб-яшнаб кетади.

Тахминимни амалда синаб ҳам кўрдим. Яъни петициядаги «прописка» сўзларининг ўрнига «доимий рўйхатдан ўтиш» деб ёздим. Натижа нима бўлди, деб ўйлайсиз? Ҳа, ҳа, ҳа – петиция қабул қилинди!

Тўғриси, нима дейишга ҳам ҳайронман... Бировлар жиноятларнинг олдини олиш учун пичоқларнинг учини ўтмаслаштирса, бошқа бировлар ўзига муаммо бўлмасин деб, умумхалқ фикрини билдирадиган порталда «прописка» сўзини блоклашади. 

Хуллас, пропискани бекор қилиш ҳақидаги петиция «прописка» сўзларисиз қолдирилди. Унда қуйидаги таклифларни билдирдим:

1) прописка режимини бекор қилиб, унинг ўрнига шунчаки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш тизимини жорий қилиш;
2) пропискасиз фуқароларга иккиламчи бозордан уй олишга бўлган тақиқни бекор қилиш;
3) пропискага қараб фуқароларга турлича давлат божи тўлашни бекор қилиш;
4) худди Россиядагига ўхшаб, бошқа ҳудудда рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддатини 10 кундан 90 кунгача узайтириш;
5) рўйхатдан ўтишни ваколатли органдан рухсат сўраш эмас, балки фақат хабардор қилиш мазмунида белгилаш.

Энди кутишимиз керак. Қоида бўйича ушбу петиция 15 кун ичида модерациядан (цензурадан) ўтиши керак. Ёки петицияни оммага эълон қилишади, ёки бу сафар қонунга хилоф равишда рад қилишади. «Янги Ўзбекистон – Янги Парламент» қандай қарор қабул қилар экан, кутамиз.

P.S.: петицияни модераторлар тасдиқламагунча овоз бериб бўлмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг