Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Қани айтингларчи, қандай муаммоларинг бор». Вазир талабалар билан мулоқот қилди (фото)

«Қани айтингларчи, қандай муаммоларинг бор».  Вазир талабалар билан мулоқот қилди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Ҳозирги талабаларга одамнинг ҳаваси келади. Айниқса, танланган йўналишдаги соҳа раҳбари келиб, «қани айтингларчи, қандай муаммоларинг бор», дея ҳол-аҳвол сўраб турса. Албатта, бундай сўровлар ҳар қандай талабанинг кўнглини кўтарса кўтаради, асло чўктирмайди.

Бу гал ҳам шундай бўлди. Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва соҳа корхона ҳамда ташкилотлари раҳбарлари билан қизиқарли учрашув бўлиб ўтди.

Ёшларнинг қалбига бундай қўл соладиган учрашувлар олдинроқ Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТ фанларига ихтисослаштирилган мактабда ҳам ташкил этилган эди. Айниқса, АКТ мактабидаги учрашув видеоселектор тизими орқали ўтказилиб, ёшларнинг соҳага бўлган қизиқишларини янада оширганди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, соҳа раҳбари ТАТУ Урганч филиали талабалари билан дилдан суҳбат қурди. Аввалига қимтиниб турган ёшлар суҳбат давомида очила бошлашди. Ўзларини қизиқтирган масалаларни дадил айтишиб, жўяли жавоб олишди. Ёшларнинг стартап лойиҳаси, магистурада ўқиш, корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ, тураржой билан боғлиқ саволларига мутассаддилар жавоб беришди. АКТ вазири ёшларнинг айрим муаммоларини шу ернинг ўзида ҳал қилиб берди.

Учрашувнинг энг қизиқарли палласи мулоқот якунида рўй берди. Вазир филиал талабалари - Севара Полвонова, Мелихол Умурзоқова, Шаҳноза Қаландарова, Мансур Каримов, Маъмур Бобожоновларга вазирлик совғасини топширди. Дилноза Артиковага эса вазирлик стипендиясига сазовор бўлганлиги ҳақидаги сертификат тақдим этилди. ТАТУ ректори Тўлқин Тешабоев ҳам қараб ўтирмади, у ҳам филиалнинг етти нафар талабасига фахрий ёрлиқ, сертификат ва эсдалик совғаларини туҳфа қилди.

Совға ўз йўлига. Асосийси, учрашув якунида ёшларнинг таассуротлари ўзгача эди, улар вазир билан жонли мулоқот қилганликларидан, ўзларининг фикрлари ва ғояларини соҳа раҳбарияти олдида баён қила олишганидан мамнун эдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг