Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тўқаев Германияга ташрифи олдидан «Қримга чипта» олди

Тўқаев Германияга ташрифи олдидан «Қримга чипта» олди

Фото: «Medianews.az»

Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи арафасида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия позициясини қўллашини маълум қилиб қўйди.

Қозоғистоннинг «БМТ»иси Россияда жойлашганми?

Қозоғистон Республикасининг президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев журналист Жанна Немцова билан суҳбат жараёнида Украина ва Қрим масаласи бўйича берилган саволга шундай жавоб берди: «Биринчидан, биз Қримни аннексия қилинган деб ҳисобламаймиз. Нимадир бўлиши керак бўлса, ўша содир бўлди. Қўшиб олиш Қримга нисбатан жуда ҳақоратли сўз, чунки референдум натижалари бор. Иккинчидан, сиз айтгандек, Қримдаги ҳолат ва мамлакат шарқидаги уруш ҳолатида қўрқув йўқ эди. Қозоғистон Россия билан мутлақо ишончли, яхши қўшничилик муносабатларига эга. Биз Россия раҳбариятининг донолиги ва оқилона сиёсат юритаётганига ишонамиз. Минск келишувлари, аслида, Украина можаросини ҳал қилишга қодир ягона ҳуқуқий ҳужжатдир».

Президент Тўқаевнинг муносабати бир қанча ҳуқуқий нормаларни қўпол равишда бузиш дея ҳисобланмоқда. Хусусан, 1994 йил 20 январда имзоланган  «Қозоғистон Республикаси ва Украина ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси»нинг 1-моддасида шундай дейилади:

«…шартнома тузувчи томонларнинг ўзаро муносабатлари ҳурмат, ишонч ва розилик, мустақиллик, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлиги, тенглик ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, куч ишлатмаслик ёки таҳдид қилмаслик тамойилларига асосланади. Иқтисодий ҳамда турли босим усуллари ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш, мажбуриятларни адолатли бажариш, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг тан олинган бошқа нормаларини акс эттиради».

Тўқаев Украинанинг халқаро доирада тан олинган ҳуқуқларини ҳисобга олмаган кўринади. Бундан ташқари, мазкур қонун 4-моддасининг 2-бандида шундай дейилган: «…томонлардан бирининг тинчлигига хавф туғдирадиган ёки унинг хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети манфаатларига зарар етказадиган вазият юзага келса, у бошқа томонга зудлик билан маслаҳатлашувлар ўтказиш таклифи билан мурожаат қилиши мумкин». Тўқаев суҳбат жараёнида халқаро аҳамиятга эга ҳужжатдаги мамлакатлараро манфаатларга зиён етказмаслик, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига хилоф бўлган масалада иттифоқдош мамлакат позициясини унутиб қўйди ёки била туриб писанд қилмади.

Шунингдек, Тўқаев Қримнинг Россияга қўшиб олинишини аннексия деб ҳисобламаслиги БМТ Бош ассамблеясининг 2014 йил 27 мартдаги «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги» номли резолюциясида қайд этилган халқаро позицияга зиддир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 68/262 резолюцияси олтмиш саккизинчи сессиясида қабул қилинган ҳамда 100 та давлат томонидан қўллаб-қувватланган. Мажбурий бўлмаган резолюция  халқаро миқёсида тан олинган чегаралари доирасида Украинанинг ҳудудий яхлитлигига содиқлигини тасдиқлаган эди.

Резолюцияга 11 та давлат қарши овоз берган, 58 давлат бетараф қолган эди. Овоз беришда 24 та давлат қатнашмаган. Қозоғистоннинг Тўқаевдан олдинги расмийлари бетарафлар орасида эди...

Қозоғистон президенти эса жаҳонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга масъул бўлган БМТнинг ихтиёрий резолюциясини ҳисобга олмади ва Россиянинг оқилона сиёсат юритишига шубҳаси йўқлигини айтиб ўтди. Ўз ўрнида савол юзага келади: Қозоғистоннинг «БМТ»иси Россияда жойлашганми?

Расмий Киев жазавада

Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Екатерина Зеленко «УНИАН» нашрида берган баёнотида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қрим Россия томонидан босиб олинганини рад этгани муносабати билан Расмий Киев Қозоғистонга намойишкорона дипломатик ҳаракат (демарш) билан чиқишини эълон қилди.

Украина ТИВ баёнотида «Оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Украинага тегишли Қрим Россия томонидан босиб олинганини рад этиши билан боғлиқ баёнотлари тўғрисида тарқалган хабарлардан чуқур ташвишдамиз», — дейилади. Хусусан, Зеленконинг таъкидлашича, Украина доимо Қозоғистонни ўзининг шериги ва дўсти сифатида кўриб келган. Қозоғистон давлат раҳбарининг Украина манфаатларини ҳисобга олмаслиги ушбу тушунчаларга зиён етказиши мумкин.

Шунингдек, Украина дипломатик корпуси вакиллари Қозоғистонни икки давлат ҳам аъзо бўлган Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти меъёрларига амал қилишга чақирди.

Қозоғистон халқаро доирани ўзига қарши қилиб қўйиши мумкин

5-6 декабр кунлари Қозоғистон давлат раҳбари Германияга давлат ташрифи билан боради. Германиянинг Марказий Осиё билан олди-бердисининг 80 фоиздан ортиғи Қозоғистонга тўғри келади.

Ташриф давомида бир қанча ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Қозоғистон президенти «Россия Қримни аннексия қилганига ишонувчи» «Норманд формати» фаолларидан бири бўлмиш Германияга ташрифидан олдин бу ҳолатнинг содир бўлиши эса масалани янада чигаллаштириб юборди. Бундан ташқари, Германияда чечен қўмондони ўлдирилиши машмашаси «совимаган» ва Россия билан дипломатик алоқалар ёмонлашган бир даврда Берлинга ташриф буюраётган Қозоғистон давлат раҳбари Россияга хайрихоҳлигини намойиш қилиб қўйди.  Канцлер Ангела Меркел билан музокараларга мазкур ҳолат салбий таъсирини ўтказиши эҳтимоли йўқ эмас. Геосиёсатда Россия томонига оғиб бораётган Қосим-Жўмарт Тўқаев халқаро шериклар доирасини кичиклаштириб қўймоқда.

Brexit масаласида боши қотган Буюк Британия ва 2020 йилги сайловлар билан овора АҚШдан эса ҳозирча садо чиққани йўқ.

Қрим «чиптаси»

Қрим раҳбари Сергей Аксёнов яриморолнинг Россия мақоми ҳақидаги позицияси учун Қозоғистон президентига инстаграмдан туриб миннатдорлик билдирди.

«Бу жуда муҳим ва аҳамиятли баёнот. Биз, қримликлар, Қозоғистон раҳбариятидан ҳалол ва объектив позицияси, вазиятни чуқур тушунгани учун миннатдормиз», — деб ёзди у.

Аксёнов сўзининг интиҳосида Қосим-Жўмарт Тўқаевни Қримга расмий ташриф билан келишга таклиф этди. Хуллас, сайёҳлик ва саломатлик маркази — Қримга «чипта» тайёр.

Тўқаевнинг таъбирича, «оқилона сиёсат юритувчи» Россия Қозоғистон президентини мана шундай сийламоқда.

                                 Санжар Шомуродов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг