Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қуръони каримнинг 10 минг нусхаси сотувга чиқди

Қуръони каримнинг 10 минг нусхаси сотувга чиқди

Бугун 17 август куни «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси томонидан Қуръони каримнинг навбатдаги 10 000 нусхаси сотувга чиқарилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» ёзмоқда. 

Қуръони Каримнинг бугун сотувга чиқарилган нусхаси аввалгиларидан бир қатор жиҳатлари билан фарқ қилади. Гап шундаки, ўтган йили Ғавсоний ноширлик уйи ҳамда «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёт мажмуаси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Мазкур шартномага мувофиқ, Ғавсоний ноширлик уйи «Ҳилол-нашр» нашриётига Мусҳафи шарифни Ўзбекистонда чоп этиш ҳуқуқини берди. Шартноманинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, унга кўра «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти янги Мусҳафни Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россияга тарқатиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритган.

Янги Мусҳаф нусхасининг ўзига хос жиҳатлари шундаки, унинг хати бутун дунё мусулмон халқлари ўрганган қадимий Мадина Мусҳафи нусхасига, саҳифа ва қаторларига тўлиқ мос келади. «Ҳилол-нашр» нашриёти ҳам мазкур нусха асосида ўзининг махсус нусхасини тайёрлади. Ёзувлар Ғавсоний ноширлик уйидан олинган нусхага тўлиқ мос бўлган ҳолда оят рақамларининг гардишлари ҳамда ҳар бир саҳифанинг атрофидаги нақш ва бошқа безаклар ўзбек миллий нақшлари билан алмаштирилди. Мусҳафнинг дастлабки нусхаси тайёр бўлгач, Ғавсоний ноширлик уйи томонидан янги нусханинг бадиий савиясини, нақшларини ўрганиб чиқилди ва юқори баҳоланди. Шундан сўнг, янги Мусҳаф нусхаси бир ярим ой давомида махсус назорат гуруҳи томонидан синчиклаб, ҳарфма-ҳарф, сўзма-сўз текшириб чиқилди. Текширувда ҳеч қандай саҳв-хатолар йўқлиги тасдиқлангач, «Ҳилол-нашр» матбаасига ушбу янги нусхани чоп этишга рухсат берилди.

Нашриёт дўконлари, шунингдек, ҳудудлардаги ҳамкор китоб дўконларига ҳам белгиланган ягона нарх – 32 минг сўмдан сотиш шарти билан тарқатилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг