Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Раис очиқлади: нечта судьялик лавозими бўш?

Раис очиқлади: нечта судьялик лавозими бўш?

Фото: Олий суд Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий судида бўлиб ўтган «Судлар фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципини таъминлашда ОАВнинг ўрни ва роли» мавзуидаги тадбирда оммага кўпам айтилмайдиган яна бир маълумот очиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Камилов алоҳида қайд этдики, республика бўйича 1380 та судьялик лавозимининг қарийиб 20 фоизи вакант бўлиб турибди. Яъники, суд корпуси тўла таркибда фаолият юритиши учун яна 256 нафар судья керак. Шунча лавозим вакант тургани эса фаолият кўрсатаётган судьяларнинг иш ҳажми ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Иш ҳажмининг ҳаддан зиёд кўплиги ўз-ўзидан суд ҳужжатлари сифатига таъсир кўрсатмай қолмайди. Бахтга қарши, судьялик лавозимига номзодларнинг ҳаммасиниям мавжуд талабга жавоб беради, деб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ўзида олтмиш етти нафар судья фаолият кўрсатиши керак (раис ва унинг ўринбосарларини қўшиб ҳисоблаганда). Бу даргоҳда ҳам  вакант лавозимлар йўқ эмас. Устига устак, саккиз нафар судьянинг ваколат муддати якунланмоқда. Яқинда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Сенати йиғилишига Олий суд таркибига қатор номзодлар таклиф қилинади. Бу номзодларнинг сенаторлар томонидан тасдиқланиши эса интизорлик билан кутилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиснинг икки нафар ўринбосари лавозими ҳам  вакант ҳисобланади. Жиноят ишлари бўйича ўринбосарлик анчадан буён бўш бўлса, маъмурий ишлар бўйича Олий суд раисининг ўринбосари вазифасида ишлаб келган Б.Деҳқонов яқинда ҳисбга олинганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг