Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рамазон қаерда қандай кутиб олинади?

Рамазон қаерда қандай кутиб олинади?

Фото: «EADaily»

Шарофатидан руҳлар ором оладиган, қалблар таскин топадиган, гуноҳлар камайиб, шайтонлар кишанбанд қилинадиган муқаддас рамазон ойи бутун мусулмон оламида завқ-шавқ билан кутиб олинади. Бу кунларда ёмонликлардан узоқлашиш, тавба қилиш, кўнгилларни ва маконларни озода тутиш, хайр-садақалар қилиш каби гўзал ҳолатлар барча мусулмон ўлкаларида чиройли кўринишда давом этиб келмоқда. Қуйида сиз азизларни улардан баъзилари билан таништирамиз.

Мадинаи мунаввара

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрати билан қадр ва шараф топган Мадинаи мунаввара аҳлининг ёшу қариси бу муборак ойни қалблари муштоқ бўлиб, жуда чиройли тарзда кутиб олишади.

Мадинанинг туб аҳолисидан бири рамазони шарифга тайёргарлик кўришга ундаб, қуйидагиларни айтади:

«Рамазон ҳам руҳий, ҳам диний байрам ҳисобланади. Яъни бу фарз ибодат олдинлари қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўшандай кутиб олинади. Илгари оилаларимиз шаъбон ойида бир неча кунга Мадина атрофидаги боғ ва далаларга кетишар эди. Бароат кечасида эса болалар маҳаллаларни тўлдириб нашидлар айтиб, аҳолига бу кечанинг кириб келгани хабарини етказар ва турли совға-саломлар олишарди. Бу совғалар асосан ҳолва, қанд, ақча ва ҳоказолар бўлар эди. Шу тарзда яна рамазоннинг биринчи ва ўн бешинчи кечалари ҳам Мадина кўчаларида рамазонга аталган, анъана бўлиб келаётган қўшиқларни айтиб юришарди. Бу ойнинг биринчи ифтори ёки саҳарлиги аввало оиланинг катталари – ота-она хонадонида қилинарди. Рамазон ойида қариндош-уруғлар бир-бирларини уйларига таклиф қилишар, бу гўзал анъана қўшнилар орасида ҳам кузатиларди. Дастурхонларда турли ноз-неъматлардан биринчи бўлиб хурмо, шўрва, сабзавотли овқатлар ва мева-чевалар тортилар эди. Шунингдек, аёллар ўзлари пиширган таомлардан фарзандлари орқали қўшниларига тарқатишарди».

Маълумот учун: Мадина аҳли жуда ҳам меҳмондўст саналади. Ҳаж ибодатига борганлар буни яхши билишади. Макка аҳли сал дағал инсонлар, Масжидун-набавийнинг зиёратида эса Мадина аҳлининг жуда ҳам меҳмондўстлигини, ширинсўзлигини кўрасиз. Мадинадаги рамазон шукуҳи, яъни рамазоннинг энг диққатга сазовор ҳолати Масжидун-набавийдаги гўзал муҳитдир. Масжидлар жамоат билан намоз ўқиш ҳамда улар билан бирга ифтор қилишдек бахтдан, бу улкан савобдан қуруқ қолишни истамаган мўминлар ила тўлиб-тошади. Жамоат намозига тўпланиб, ифторликларни тўкин-сочин қилиб қўйишади. Ифторлик қилиш учун дастурхон атрофига келган жамоатни таклиф қилишда мусобақалашишади.

Жуда гўзал ҳолат, шундай эмасми? Сўнг хуфтон, таровеҳ ва таҳажжуд намозларини жамоат билан адо этишади. Баъзилар рамазоннинг охирги ўн кунини Масжидун-набавийда эътикоф ўтирган ҳолда, ибодат ва тафаккур билан машғул бўлиб ўтказишади.

Асосан рамазоннинг охирги ўн кунида жамоатнинг бошқа кунлардагига қараганда кўпайишини кузатиш мумкин. Атрофдаги меҳмонхона ва бозорлар тўлиб-тошади. Дунёнинг турли чеккаларидан келган зиёратчилар биринчи бўлиб Масжидун-набавий, сўнгра Расулуллоҳнинг қабрини, Каъба ва Қиблатайн масжидларини, биринчи жума намози ўқилган масжидни, Уҳуд ва Ҳандақ уруши шаҳидларини ўз ичига олган Етти масжид номли қадамжоларни зиёрат қилишади.

Қоҳира

Қоҳирада рамазонга алоқадор бўлган воқеа ва ҳодисалардан бири «Рамазон фонуси» ҳодисасидир. Бу ҳодиса фотимийлар халифаси Муъиз Лидиниллаҳ даврида юз берган. Муъиз милодий 973 йили рамазони шарифнинг 15-кечасида Қоҳирага кириб борар экан, Қоҳира аҳли уни узун саф тортиб кутиб олишга чиқади. Ўша пайтда улар уни қўлларида машъалалар ва маёқлар кўтариб, шеърлар айтиб кутиб олишгани қоҳираликларнинг бугунгача эсларидан чиқмайдиган воқеадир. Асрлар оша Қоҳира аҳли бу маёқлардан масжидга бориш, қариндош-уруғларини зиёрат қилишда фойдаланишар эди. Бу маёқлар жуда ҳам қулай эди, уларни ёш болалар кўтариб шаҳар кўчаларини ёритиб юришар эди. Бунинг эвазига инсонлар у болаларга ҳақ тўлашарди. Шу йўсинда «Рамазон фонуси» ҳодисаси такрорланиб-такрорланиб, одат тусига кириб қолди.

Ёш болалар кўтарган бу маёқлардан масжидга боришда, рўзадорларга ишорат беришда фойдаланила бошланди. Саҳарда ёнса саҳарлик вақтини, кечқурун ўчирилса эса хуфтон намозига ишорат берар эди бу маёқлар. Бу маёқнинг Мисрда қўлланиши, баъзи ривоятларга кўра, Жомеъ ул-Азҳар бино қилинмасидан 6 ой олдин бошланган экан. Ҳисобланса, бу милодий 973 йил (ҳижрий 362) бўлади.

Бошқа ривоятга кўра, фотимийлар халифалиги даврида рамазони шарифнинг бошидан охиригача кўчаларни чароғон этувчи фонуслар ёқиш расм бўлган. Шунингдек олимлар кечаси бирор юмуш билан кўчага, уёқ-буёққа чиқса болалар уларнинг оёқлари остини, йўлларини ёритиб юришарди. Кейинчалик фонус ёқиш ҳам, қандиллар ҳам удумдан қолиб кетди.

Шунингдек халифа Муъиз Лидиниллаҳ аёл кишиларга кечаси кўчага чиқишни ман қилган эди, фақат бир шарт билан, кечаси кўчага ўзларидан бўлган ёхуд бошқа болаларнинг ҳамроҳлигида чиқишларига рухсат берилар эди. Бу шаклда узоқдан нур сочиб келаётган ишора аёллар эканини кўрсатар эди ва эркаклар уларга йўл беришарди.

Шу тариқа рамазон фонуси Миср халқи рамазонни кутиб олишидаги анъаналардан бири бўлиб қолди. Рамазон фонуси бугунги кунимизгача болаларнинг севинчини намоён қилиб келади.

Жазоир

Жазоирда ҳам мусулмонлар рамазонга ўзгача тарзда ҳозирлик кўрадилар. Жумладан, уй соҳиби оиласининг рамазон ойи охирига қадар бўлган эҳтиёжини олдиндан таъминлаб қўяди. Аҳоли шаъбон ойининг 29-куни биргалашиб ҳилолни кўришга чиқади. Ҳукумат ҳам рамазоннинг кириб келганини эълон қилиб, аҳолини бу муқаддас ой билан табриклайди. Одамлар бир-бирларини қутлашади.

Жазоирликлар рамазонни келиб кетадиган азиз меҳмондек ҳурмат қилишади. Уй бекалари уйларини ораста қилиб қўйишади. Болалар ҳам рамазоннинг келишини интизорлик билан кутишади ва ҳар бир халқда бўлгани каби шеърлар, қўшиқлар айтишни бошлаб юборишади. Жазоирликлар асосан сут ва хурмо билан оғизларини очгач, масжидларга бориб шом намозини ўқиб бўлгач, уйларига қайтиб овқатланишади.

Марокаш

Марокаш халқи ҳам бу муборак ойни чиройли қаршилаб, чиройли кузатиб қўйишади. Бу ойда халқ бир-бирига ҳурмат ва иззатда бўлиб, биродарона алоқаларни мустаҳкамлайдилар. Бундан ташқари, уй-жойлар сарамжонлиги-ю озодалиги, кўча ва хиёбонлардаги дарахтларни оқлаш ва бошқа бўёқ ишлари, янги либослар сотиб олиш – булар барчаси рамазонга ҳурматнинг, унга тайёргарликнинг ёрқин белгисидир.

Рамазон ҳилоли кўриниши билан бу муқаддас ойни 21 та замбаракдан ўқ отиб қаршилашади. Аҳоли, асосан ёш болалар уйларининг томларига чиқиб, рамазонга аталган турли хил шеърлар, нашидлар, мисраларни овозларининг борича айтишади. Рамазон овқатларидан асосан ҳарира шўрваси, ҳарис, кус-кус ва бошқа турдаги шириндан-шакар таомлар тортиқ қилинади. Ичимликлардан эса кўпинча чой ичилади.

Сенегал

Сенегал аҳолиси 10 миллион атрофида бўлиб, 95 фоизи мусулмонлардир. Сенегал халқи марокашлик бир гуруҳ савдогарларнинг ташрифи сабаб исломни қабул қилишган. Ислом билан бирга араб тили ҳам мулоқот ва муомала тили сифатида қабул қилинган. Бу ўлкада ҳам рамазон чиройли тарзда кутиб олинади. Биринчи кунданоқ масжидларда суҳбатлар, маъруза, тафсир, ҳадис ва фиқҳ дарслари бошлаб юборилади.

Шунингдек, ифтор вақти атрофларида ойнаижаҳон ва радиода чиройли кўрсатувлар, эшиттиришлар қўйиб берилади. Бу ойдаги ҳар бир кечани ибодатда ўтказишга чақирилиб, бир гуруҳ кўнгиллилар саҳарлик вақтларини эълон қилиб юришади. Рамазонда энг кўп тановул қилинадиган овқатлар гуруч, гўшт, зайтун мойи ҳамда балиқдир. Хурмо фақат ифторлик учун ейилади. Кундуз куни ресторан ва кафелар бутунлай ёпиб қўйилади.

Жанубий Африка Республикаси

Бу ўлкада мусулмонлар озчиликни ташкил қилса-да, рамазони шариф тўй каби кутиб олинишини кузатиш мумкин.

Ҳаво ҳарорати жуда юқори бўлган бу ўлкада рўза тутиш албатта қийинчилик туғдириши турган гап. Шунга қарамасдан мусулмонлар рўзаларини адо этишади. Мусулмонларга ғайридинлар томонидан ҳеч қандай душманлик, рўза тутишларига монелик қилинмайди. Аксинча, ғайридинларнинг кўпчилиги уларнинг рўзасига ҳурмат кўрсатиб, уларнинг олдида еб-ичмайдилар.

Мусулмонлар рамазон ҳайити куни ҳайит намозига чиқишади. Ийд намозларини ўқиб бўлишгач, бир-бирларини байрам билан табриклашади. Хонадонлар ҳам меҳмон кутиладиган ҳолга келтирилади. Асосан ёшларга ширинлик ва мевалар тортиқ қилинади.

Ҳиндистон

Ҳиндистон аҳолисининг бешдан бири мусулмонлардир. Рамазон ойи келиши билан мусулмонлар биринчи навбатда масжидларни нурафшон қилишга киришади. Бу ишларида бошқа диндагилар мусулмонларга кўмак беришади. Рамазон ойининг кириб келишини кўрсатадиган янги ойни кўриш учун ўзларига қулай жойларга тўпланишади. Ой собит бўлгач, диний олимлардан бир ҳайъат тузилиб ойнаижаҳон ҳамда радио орқали эълон қилишади. Замбаракдан олти марта ўқ узилиши рамазон келганини англатади. Радио орқали шаҳару қишлоқларга ифтор ва шом намози вақти хабари бериб турилади. Давлат яратиб берган имкониятлардан яна бири шуки, ҳар бир мусулмон маълум бир рақамга қўнғироқ қилиб, ифтор ва шом намози вақтини билиб олиши мумкин. Ҳиндистонда масжидлар жамоат билан тўлиб-тошиб, таровеҳ намози билан ойдинлашади. Қулайлик яратилган, шароити бўлган баъзи масжидларга аёллар ҳам таровеҳ намозига боришади.

Ҳиндистонликлар мол гўшти тановул қилиш учун фақат мусулмонларнинг ресторанларига боришади. Маълумки, бошқа ҳиндларда бундай гўшт пишириш одати йўқ. Улар рўзадор мусулмонларнинг ҳурмати юзасидан кундузи ресторанларга парда тортиб қўйишади.

Ҳиндистонлик мусулмонларда суннатга мувофиқ рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтириш ривожланган. Масжидларда хатм тугагач, ширинликлар тарқатиш одат тусига кирган.

Америка

Рамазонда кўплаб ислом марказлари очиқ қолади, шу боис намоз ўқиш учун у ерга бориш қулай бўлади. Масжидларда тез-тез маърузалар ўқилади, бу эътиқодга нисбатан интеллектуал қизиқиш уйғотишда қўшимча имкониятларни яратади.

Ислом марказларига меҳмонлар кўпинча гуруҳ-гуруҳ бўлиб келади: оиланинг мусулмон бўлмаган аъзолари яқинда исломни қабул қилган қариндошига ҳамроҳлик қилади, ҳамкасблар ўз дўсти билан бир дастурхондан овқатланади, университет, мактаб ва диний муассасалар дастурхон ёзади ва муқаддас ой неъматларидан татиб кўришга таклиф қилади. У ерга оддий одамлар ва сиёсий етакчилар тез-тез ташриф буюриб, шу тариқа америкалик мусулмонларнинг мамлакат ҳаётидаги муҳим ролини эътироф этади.

Кўпчилик масжидлар ҳар куни ифтор ташкил қилади. Унда ҳар қандай дидга мос тушувчи таомларни топиш мумкин. Улар орасида Жануби-Шарқий Осиё, араб мамлакатлари, Африка ва Европа давлатларининг миллий таомлари бўлади.

Абдуллоҳ Раҳимбоев тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг