Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Риштон тумани ҳокими ишдан олинди

Риштон тумани ҳокими ишдан олинди

Фото: «Спутник»

Халқ депутатлари Риштон туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Унда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этиб, туманда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларнинг ечими ҳақида маъруза қилди.

Туманда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда бир қатор ютуқларга эришилган бўлса-да, айрим раҳбарларнинг бепарволик кайфиятига берилиши бунга салбий таъсир кўрсатгани қайд этилди.

Туманда кейинги вақтларда кўплаб устувор вазифаларнинг бажарилмаслиги туфайли салбий кўрсаткичлар ортиб кетган. Масалан, ҳудуддаги ҳал қилиниши зарур бўлган масалалардан бири — тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёж аксарият маҳаллаларда ҳамон муаммолигича қолмоқда. Газ таъминотида ҳам бартараф этилиши зарур бўлган муаммолар бор. Республика ишчи гуруҳи томонидан тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида олиб борилган ўрганишларда ҳам асосий муаммолар куз-қиш мавсумига тайёргарликдаги сусткашликлар, соғлиқни сақлаш ва таълим, уй-жой ҳамда ижтимоий муҳофаза тизимидаги камчиликлар сифатида қайд этилган.

Тадбиркорлик субъектларининг мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани, экспортни ривожлантиришда тумандаги ўсиш ортда қолаётгани танқид қилинди. Соҳа ва тармоқларда шу каби қатор ҳолатлар атрофлича таҳлил этилди.

Вилоят раҳбари сессия ишида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар ҳам этарлича ташкил этилмаганини таъкидлаб ўтди. Биргина 2017 йилнинг ўзида 43 та маҳалла фуқаролар йиғинида турли жиноятлар содир этилгани, уларнинг аксариятида хотин-қизларнинг иштирок этгани ачинарлидир.

Юқоридаги камчиликларга йўл қўйган Ғайрат Мамадалиевни туман ҳокими вазифасидан озод этиш, шу кунга қадар Сўх тумани ҳокими бўлиб ишлаган Таваккалжон Раҳимовни Риштон тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарорлари халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан тасдиқланди.

Музокараларда келгусидаги вазифалар ҳақида сўз борди ва тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг