Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россиялик губернатор ҳоким Шуҳрат Ғаниевга «шогирд тушди»

Россиялик губернатор ҳоким Шуҳрат Ғаниевга «шогирд тушди»

Кун «қаҳрамон»и – Михаил Игнатьев.

Фото: «ТАСС»

Россия таркибидаги Чуваш Республикаси раҳбари Михаил Игнатьев Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев «панжасига панжа урди». Матбуотчилар байрамига бағишланган маросимда нутқ ирод қилган арбоб ҳокимият фаолиятини танқид қилаётган журналист ва блогерларнинг «суробини тўғрилаб қўйиш» лозимлиги ҳақида гапирди.

Губернатор Игнатьев танқидий материаллар ёзаётган муаллифлар буюртмага ишлаётганини иддао қилди. Айрим журналист ва блогерлар меҳнат жабҳасидаги ютуқлар ҳақида мақтов мақолалар ёзмаётганидан ёзғирган сиёсатдон қаламкашларни мамлакатда норозилик намойишлари уюштиришда ҳам айблади.

Чуваш ўлкаси раҳбарига кўра, «сувни лойқалаётган» журналист ва блогерларнинг «суробини тўғрилаб қўйиш керак».

Бутун бошли республика раҳбари оғзидан чиққан ушбу аксилдемократик чақириқ, табиийки, кескин танқидларга сабаб бўлди.

Губернатор журналист ва блогерларга таҳдид қилганидан кўп ўтмай унинг матбуот хизмати вазиятни хаспўшлаш учун ошиғич баёнот билан чиқди (таниш манзара, а, шундай эмасми?).

Чуваш Республикаси ҳукумати матбуот хизмати Михаил Игнатьев журналист ва блогерларнинг «суробини тўғрилаш» ҳақида гапирганда, уларни жисмонан йўқ қилишни асло-асло ўйламагани, улар ортида турган буюртмачилар кимлигини аниқлашни назарда тутганини билдирди.

Оғизполвон губернаторнинг ўзи-чи, ўзи ҳам узр сўрадими дерсиз? Бир оғиз узр билан осмон узилиб ерга тушармиди! Михаил Игнатьев ҳам «ўтиниб-ўтиниб» кечирим сўрамаган бўлса-да, ҳарқалай, узрхоҳлик изҳор қилди.

Чуваш ўлкаси раҳбарининг тўраларча берган баёноти «қовун қовундан ранг олади» деган нақлни ёдга солади. Негаки, оғзига кучига етмаган ҳокимлар Ўзбекистонда ҳам топилади. Ёдингизда бўлса, 2019 йил декабрь ойида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев селектор йиғилишида Қува раҳбаридан газ ва чироқ муаммосини ёритган блогернинг жанозаси ўқилишини талаб қилган эди. Губернатор Игнатьев билан ўхшашликни қаранг, муштаракликни кўринг!

Аввалроқ эса Тошкент шаҳри ҳокими ҳам журналистларга «шесть секунд»да «гей»га айлантириш мумкинлигини эслатиб қўйган эди.

Дарвоқе, мабодо хабарингиз бўлмадими, уларга бирор чора кўрилдими?..

Олис Русия ва серқуёш Ўзбекистондаги ҳокимтўраларнинг икки томчи сувдек ўхшаш хулқ-атворини қандай изоҳлаш мумкин? Талқин турлича бўлиши аниқ, аммо, бизнингча, асосий сабаб — ҳокими мутлақларнинг бари бир булоқдан сув ичган, барчасининг тупроғи бир ердан олинган ва жазо муқаррар эмаслигига уларнинг имони комил...

Озод Умид

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг