Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саида Мирзиёева: «Бешта ташаббусни, аввало, мактабларда жорий қилиш зарур»

Саида Мирзиёева: «Бешта ташаббусни, аввало, мактабларда жорий қилиш зарур»

Фото: «Xabar.uz»

20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Тошкент вилоятининг Бўка туманига ташриф буюрди.

«Президентимиз илгари сурган ташаббуслар ижроси аввало мактаблардан бошланиши керак деб ҳисоблайман, – дея ташриф хулосасини билдирган Саида Мирзиёева. – Фикримча, маънавий ва жисмоний жиҳатдан баркамол янги авлодни шакллантириш учун айнан мактабларни 5 та ташаббус замирида маданият, маърифат, спорт ва компьютер технологиялари ўчоғи сифатида ислоҳ қилсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди».

Умумтатаълим мактабларда 5 та ташаббус асосида дарсдан кейин ҳар битта фан йўналишида ўзлаштириш ва билимларни мустаҳкамловчи машғулотлар сонини ошириш, касбга йўналтирилган ҳамда фан тўгаракларини жорий қилиш, ҳар бир ўқувчининг ташкиллаштирилаётган маданий тадбирларда иштирокини таъминлаш, мактаб, туман, вилоят ва шаҳар миқёсида китобхонлик танловларини тез-тез ташкил этиш, мактаб биносида турли спорт машғулоти ва тўгаракларини очиш, компьютер саводхонлиги курсларини ташкил этиш ўқувчи-ёшларнинг самарали ва мазмунли иш билан банд бўлишларига хизмат қилади. Натижада, улар мактаб даврида, олаётган билим ва кўникмалари асосида, кенг тафаккурли, бирор ҳунар эгаси ва спорт усталари бўлиб етишади.

5 та ташаббуснинг, энг аввало, мактабларда жорий этилиши, республикамиздаги 5 миллиондан ортик болаларнинг ўз келажакларини ишонч билан қуришлари ва ватан равнақига ҳисса қўша оладиган етук инсон бўлиб етишишларига замин бўлади.

Шундай экан, фарзандларимизнинг билим масканида дунёқараши кенг, зеҳни ўткир, маданиятли, виждонли, ватанпарвар, жисмонан чиниққан, келажакда юрт равнақига ҳисса қўшадиган, дунёдаги илғор тенгдошлари билан рақобатлаша оладиган инсон бўлиб етишишлари учун ҳам 5 та ташаббусни амалга оширишни, энг аввало, мактаблардан бошлаш зарур.

Айни вақтда ушбу масала юзасидан ҳамюртларимиз фикри ўрганилмоқда. Ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни ижтимоий тармоқлар орқали билдиришингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг