Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқандда алимент тўламай, четга қочмоқчи бўлган 500 нафарга яқин фуқаро аниқланди

Самарқандда алимент тўламай, четга қочмоқчи бўлган 500 нафарга яқин фуқаро аниқланди

Коллаж: «Xabar.uz»

Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси, бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа идоралар ҳамкорлигида вояга етмаган фарзандлар моддий таъминоти учун қарздор фуқаролардан алимент (нафақа) тўлашдан бўйин товлаб келаётган қарздорларни жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйилди.

Ушбу йўналишда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда 214 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилиб, қарздор фуқаролардан 269,1 миллион сўм алимент пуллари ундирилди. 51 нафар оила яраштирилди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси хабар берди.

Аммо шундай инсонлар борки, Мажбурий ижро бюроси томонидан қўзғатилган иш юритувидан сўнг ҳам ўз фарзанди таъминотидан қочишга ҳаракат қилади. Биргина жорий йилда 464 нафар қарздор фуқаро алимент пулларини тўлашдан бош тортиб, Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиб кетишга ҳаракат қилган. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ушбу қарздор фуқаролар хорижга чиқиб кетишининг олди олиниб, 489,6 миллион сўм алимент пуллари ундирилди.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, қарздор Валибек Шодмоновдан ундирувчи Шоира Маликова фойдасига вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати келиб тушган. Давлат ижрочиси томонидан қарздорга ижро ҳужжати талаблари тушунтирилиб, ихтиёрий муддат берилган бўлса-да, қарздор томонидан давлат ижрочисининг талаблари бажарилмаган.

Мажбурий ижро бюросига турли низолар сабаб ажрашган оилалар ўртасида топилган умумий мулкдан ҳисса ундириш ва мол-мулкни бўлиш бўйича ҳам қатор ижро ҳаракатлари амалга оширилган. Хусусан, Самарқанд шаҳрида яшовчи оилалардан бири ажрашгач, даъвогар Дилбар Саримсоқовага жавобгар Рўзи Қосимовдан умумий мулкдан ҳисса ундириш билан бирга, жавобгарга тегишли корхона улушининг ярми Д.Саримсоқовага олиб берилди.

Эслатиб ўтиш керак, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг зиммасига суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, суд ҳужжатларини ижро қилмаслик ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш кабидан ташқари қонун бузилишларнинг олдини олиш вазифаси ҳам киради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг