Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқанддаги гўзал фестиваль

Самарқанддаги гўзал фестиваль

Фото: «Xabar.uz»

Самарқанд шаҳрида «Юксак маънавиятли авлод» республика фестивалининг Самарқанд вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг барча туманларидан келган ёшлар уч ёш тоифасида (14-16, 17-19, 20-25) бадиий ижод, санъат, рассомчилик, кашфиётчилик, дизайнерлик, ҳунармандчилик, мустақиллик тарихи билимдонлиги, Президент асарлари билимдонлиги каби саккиз йўналишда ўз иқтидорларини намойиш қилишди.

Фестивал иштирокчилари ва уларнинг ишлари билан танишиб, ёшларимиз орасида истеъдодлилари кўплигидан хурсанд бўлдик.

Энг аввало велосипедга мотор ўрнатиб, тўпланганлар олдида уни миниб, «катайса» қилиб юрган ўқувчининг иши эътиборимизни тортди.

− Ургут тумани Ғўс қишлоғидаги 136-мактаб ўқувчисиман, − деб ўзини таништирди Абдулла Зиёдуллаев. – Қишлоғимиз баландликларда жойлашгани учун велосипедим билан дарсга қатнашга қийналар эдим. Шунга велосипедимга ўт ўрадиган машинанинг моторини ўрнатиб олдим.

Абдулланинг орзулари билан қизиқдик.

− Келажакда қуёшдан қувват олиб юрадиган машина яратмоқчиман!

Тайлоқ туманидан келган Мухлиса Толибова яратган ўзбекона миллий либослар тўпланганларда ҳайрат уйғотди.

− Миллий ҳунармандчилик йўналиши бўйича туман ғолиби бўлиб, фестивалнинг вилоят босқичига ўзим тиккан, тўқиган кийим-кечакларни олиб келдим, − деди Мухлиса. − Либосларимда асосан атлас, адрас, кимхоб каби миллий матолардан фойдаландим. Тақинчоқларни ҳам ўзим ясадим.

Ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланиб, лавҳ ясаб ўтирган қиз эътиборимни тортди. Одатда ёғоч ўймакорлиги билан ўғил болалар қизиқишарди.

− Дилхумор Хурсандоваман, Ургут ҳунармандлик коллежи ўқувчисиман.

− Оилангизда усталар борми?

− Ҳа, бобом ўймакор уста, у кишининг ишларига ҳавас қилиб, шу касбни танладим.

Иштихон ахборот технологиялари коллежи 2-курс ўқувчиси, профессионал рассомларга етиб олаёзган мусаввир қиз Ситора Назарова «Ҳам зиёрат, ҳам тижорат» деганларидек фестивал давомида пул ишлаб олаяпти экан. Хоҳлаганлар унга пул бериб, қисқагина вақт ичида ўз портретларини чиздириб олишаяпти. Қизиғи, суратини чиздирганлар хурсанд, ҳаммасини роса ўхшатган.

− Менинг ҳам суратимни чизиб берасизми? – сўрадим Ситорадан. – Қанча вақтда ва қанчага чизиб берасиз?

− Очиғини айтаверайми? Юз минг сўм бериб, олдимда бир соат ўтирсангиз бас, ўхшатиб чизиб беришга жавоб!

Фарзандларимиз ана шундай дадил, шижоатли, энг муҳими, ишбилармон ва топармонлигидан, очиғи, қувондим.

Қўшиқчилар беллашуви энг кўп томошабин йиғибди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров бошчилигидаги ҳакамларга юзга яқин қўшиқчи ёшлар орасидан энг зўрини танлаб олиш осон бўлмаслиги аниқ. Сабаби, ёшларнинг ҳаммаси бир-биридан яхши. Жуда кўпчилиги ўз шеърига ўзи куй басталаб ижро қилаётгани ҳайратимни оширди. Пастдарғом туманидан келган 8-синф ўқувчисининг ўзи куй басталаганига унча ишонмадим, аммо қўшиғини эшитиб, бунга амин бўлдим.

Табиатан шеъриятга ошнолигим боис назм йўналиши бўйича беллашув бўлаётган залга талпиндим. Таниқли шоир Хуршид Нуруллаевнинг боши қотган.

− Фарзандларимизнинг ҳаммаси бир-биридан яхши ижод намуналарини олиб келишган, − дейди Хуршид ака. – Тўғри, янги сўз айтилмаган шеърлар ҳам оз эмас, аммо янги сўз айтилган, янги ташбеҳлар топилган шеърлар талайгина. Ургутлик Ситора Одилованинг, нарпайлик Азиза Муродова, Эъзоза Саъдиноваларнинг, Шоҳиста Сувоноваларнинг шеърлари айниқса маъқул бўлди. Ичларида тайёр шоир бўлиб қолган ёшларни кўраяпман.

«Хаbar.uz» мухбири эканимни билишгач, бирпасда мени қаламкашлар ўраб олишди. «Шеъримни эълон қиласизми?» дея ҳаммалари ўз шеърларини ўқиб бера бошлашди. Айримларини ёзиб олдим. Бир ўқиб кўринг:

Бахтни сўрай

Бугун кўнглимни мен тўнкариб,

Сабр дарёсига ювиб қўйдим.

Қурисин дея қоқиб-қоқиб,

Юрак тўрига илиб қўйдим.

 

Қизитай дея юрак-бағрим,

Ўтиндай ёқдим дардларимни.

Макон қилиб мен дилга шеърим,

Айтдим унга бор арзларимни.

 

Сўнгра хаёлан кўкка учиб,

Осмондан бутут суғураман.

Қалдирғоч қанотига қўниб,

Шу булутлардан ин қураман.

 

Қувончим асраб ёмон кўздан,

Шеъримдан унга соқчи қўяй.

Бахт недир у билмай ёлғиздан,

Бориб бир бора сўраб кўрай.

 Шоҳиста Сувонова, Нарпай туманидаги 54-мактабнинг 9-синф ўқувчиси

Юрак

Юраклар бор, тўлин ойдек

Ёниб турар бир умр.

Юраклар бор, ёнмайди ҳеч

Мисоли ёнмас кўмир.

 

Юраклар бор, меҳрга бой,

Севгай ҳар бир инсонни.

Юраклар бор, хиёнаткор,

Сотгай ҳатто иймонни.

 

Юраклар бор, борлиғини

Садқа айлар ёр учун.

Юраклар бор, муҳаббатдан

Қадрлайди зар кучин.

 

Юраклар бор, дарёдай кенг,

Дўстга очиқ эрта-кеч.

Юраклар бор, қутидек тор,

Қулфи бор, очилмас ҳеч.

Азиза Муродова, Нарпай иқтисодиёт коллежининг 2-курс ўқувчиси

 

Ўтинч

Кипригига осилган мужгон,

Тоғдек босар елкаларини.

Илтижом сендан, ёмғиржон,

Ювгин пешонасин шўрини.

 

Кулгичидан ўпиб кет, қуёш,

Қароғига нурлар ташлабон.

Майин-майин эсинг, шамоллар,

Ором беринг сочин силабон.

 

Банди дилда ухлайди севинч,

Оҳлар уриб уйғот, булбулжон.

У севиши керак қайтадан,

Даво бўлгин энди, умиджон...

Ситора Одилова, Ургут тумани Чапдара қишлоғи

Ниҳоят, «Юксак маънавиятли авлод» фестивалининг республика босқичига борадиган ғолиблар аниқ бўлди. Улар билан танишинг:

  1. «Ватан куйчиси» йўналишида:

тайлоқлик Шоҳрух Нишонов (14-16 ёш); оқдарёлик Озода Эрмуҳаммедова (17-19 ёш); ургутлик Исроил  Зойиров (20-25 ёш).

  1. Бадиий ижод йўналишида:

Шоҳиста Сувонова (Нарпай), Ҳумоюн Қувондиқов (Каттақўрғон), Ситора Одилова (Ургут).

  1. Рассомлик йўналишида:

Жасмина Усмонова (Нарпай), Мўътабар Жаунбоева (Қўшработ), Шоҳруз Эшниёзов (Нарпай).

  1. Дизайнерлик йўналишида:

Шаҳло Облоқулова (Қўшработ), Шоҳиста Норбоева (Пайариқ), Бибиҳожат Расулова (Қўшработ).

  1. Энг иқтидорли ҳунарманд йўналишида:

Моҳинур Тўхтамуродова (Каттақўрғон), Алимардон Аннақулов (Қўшработ), Ситора Пардаева (Оқдарё).

  1. Мустақиллик тарихи билимдони йўналишида:

Меҳрож Сайфуллаев (Пайариқ), Қосимбек Убайдуллаев (Жомбой).

  1. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти асарлари билимдони йўналишида:

Мунаввар Абророва (Ургут), Гўзал Эшниёзова (Пайариқ).

  1. Юксак маънавиятли авлод йўналишида:

Юсуф Суяров, Музаффар Мамарасулов (Каттақўрғон), Мусахон Камолов (Пайариқ).

Ғолибларга фестивалнинг республика босқичида ҳам омад тилаймиз.

Каримберди Тўрамурод, «Хаbar.uz» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг