Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шаҳрисабзга тезюрар поезд боради

Шаҳрисабзга тезюрар поезд боради

Фото: «Uz24.uz»

Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида бугун, 28 январь куни Қашқадарё вилоятига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шаҳрисабз шаҳрига ҳам борди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шаҳрисабз шаҳрига ташрифи доирасида давлат раҳбари Оқсарой майдонидаги «Коба» маданият мажмуасида вилоят иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган лойиҳалар билан танишган. «Лойиҳалар иқтисодий жиҳатдан ранг-баранг бўлиб, барчаси аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган», — дейилади ЎзА хабарида.

Ўзбекистон раҳбарига дастлаб Қашқадарё вилоятида 2018—2019-йилларда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режаси тақдим қилинди. Режага кўра, 167 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган бўллиб, замонавий меҳмонхоналар ташкил этиш, транспорт хизматлари кўрсатиш, дам олиш ва кўнгилочар ҳудудлар ташкил этиш, тарихий-маданий обидаларни таъмирлаш шулар жумласидандир. «Ўзбектуризм» компанияси томонидан тақдим этилаётган лойиҳалардан яна бири эко ва этно туризмни ривожлантириш, Амир Темур туғилган масканни туризм масканига айлантиришга қаратилган.

Давлатимиз раҳбари бугун дунёда кўплаб давлатлар бу соҳани ўзлаштириб, катта даромад олаётганини таъкидлар экан, юртимиздаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича топшириқлар берди.

Президентга тақдим этилган лойиҳалардан яна бири Тошғузор-Шаҳрисабз-Китоб темир йўлини модернизация қилиш ва электрлаштиришни назарда тутади. Лойиҳага кўра, Шаҳрисабз шаҳригача тезюрар поезд қатновини йўлга қўйилади. ЎзАнинг хабарида лойиҳанинг қиймати, ижрочилари ва амалга ошириш муддати ҳақида маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат раҳбари Яккабоғ туманидаги «Дармон фарм» хусусий корхонасига қарашли «Дармон шарбати» мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси иш жараёни билан танишгани, вилоятда бу каби корхоналарни кўпроқ ташкил этиш, тадбиркорларга экспортни ўргатиш масаласига эътибор қаратиб: «Тадбиркорларни экспортга ўргатиш, бунинг учун бизнес-инкубаторлар ташкил этиш, экспорт муҳитини яратиш зарур»лигини таъкидлагани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг