Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев бемор болалар ҳолидан хабар олди

Шавкат Мирзиёев бемор болалар ҳолидан хабар олди

Фото: Президент матбуот хизмати

Айни кунларда халқимиз Рамазон ҳайитини тинчлик-хотиржамликда, шукроналик билан байрам қилмоқда. Ўзаро меҳр-оқибат янада ошиб, эҳтиёжманд оилаларга мурувват кўрсатиш, беморлар ҳолидан хабар олишдек савоб ишлар кўпаймоқда.

Шундай эзгу қадриятларимизга мувофиқ, Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига борди, деб хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу марказ аҳолига гематологик ва трансфузиологик ёрдам кўрсатиш, шундай касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш, гематология соҳасида илмий изланишлар олиб боришга ихтисослашган.

Марказда юқори дозали ва интенсив полихимиотерапия усуллари амалиётга жорий этилган. Ўткир лимфобласт лейкозларни даволашдаги янги ишланмалар натижасида беморларнинг ремиссияга чиқиши ва тўлиқ тузалиши 70-85 фоизгача етмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 февралдаги қарори гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ, 2020-2024 йилларда гематология соҳасини ривожлантириш учун 546 миллиард сўмдан зиёд ва қарийб 71 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Хусусан, жорий йилда 91 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу маблағлар ҳисобидан шифохоналар дори воситалари, тиббий буюмлар, реактив ва реагентлар билан таъминланмоқда. Шунингдек, гематология хизмати моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашни такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Президент марказнинг шароитларини кўздан кечирди. Марказда 3 та бино бўлиб, 260 та ўринга эга. Ҳозирги кунда бу ерда 210 нафар бемор даволанмоқда. Шундан 42 нафари болалардир.

Давлатимиз раҳбари ушбу шифохона учун янги бино барпо этиш, унда Россиянинг Д.Рогачёв номидаги тиббий тадқиқот маркази тажрибаси асосида болалар онкогемотологияси маркази ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берди. У ерда ўзак хужайраларини донордан кўчириб ўтказиш – аллоген трансплантация йўлга қўйилади.

Президент шифохонада даволанаётган болалар ва уларнинг оналари билан суҳбатлашди.

– Гематологияда даволашни яхшилаш бўйича қарорлар қабул қилдик. Лекин, бу ишлар ҳали етарли эмас. Бугун келишимдан мақсад - сизларга янаям кўпроқ шароит яратиш, касалларни тезроқ оёққа қўйиш, даволаш кафолатини ошириш бўйича чораларни белгилаш. Сизлар ҳаммангиз – менинг фарзандларимсизлар. Ҳар куни кулиб туриб, ота-оналарингга мадад бўлишларингиз керак. Албатта тузалиб кетаман, деган интилишингиз бўлиши керак. Биз бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари оналар ва болаларни Рамазон ҳайити билан табриклади.

– Кўнгилларингиз бўлинмасин. Бир ўзларингиз эмассизлар. Ҳаммамиз ҳамдардмиз. Бу соҳада имкониятларни яхшилаш учун янги марказ қурамиз. У ерда оналар учун ҳам, болаларнинг ўқиши учун ҳам шароит бўлади, даволаш ҳам ўзгаради. Энг катта ниятимиз – тезроқ даво топиб, уйга, оилангиз бағрига қайтишингиз, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев болаларга меҳрибонлиги ва фидойилиги учун марказ шифокорларига миннатдорлик билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг