Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги биринчи инновацион кинотеатр лойиҳаси билан танишди

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги биринчи инновацион кинотеатр лойиҳаси билан танишди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 1 май куни Термиз шаҳридаги «ZIF Textile» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.

Ушбу замонавий корхонани барпо этиш учун қурилиши тугалланмаган бино 16  миллиард сўм инвестиция киритиш шарти билан «ноль» қийматда берилган эди. Зарур қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замонавий цехлар, омборхона ва маъмурий хоналар  бунёд этилди. Германия, Италия, Туркиядан тикувчилик дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. Мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишди, бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кўздан кечирди, мутахассис ва тикувчилар билан суҳбатлашди.

Президентимиз бу каби замонавий корхоналарни кўпайтириш, маҳсулотни экспорт қилиш зарурлигини қайд этди.

Корхона жорий йилда 29 миллион доллардан зиёд қийматдаги болалар ва катталар кийимлари, жинси шим ишлаб чиқариб, 8,8  миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилишни режалаштирган. 2021 йилда корхонанинг йиллик қуввати қарийб 50 миллион долларга етказилиб, 34,7  миллион долларлик экспорт мўлжалланмоқда. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу ерда «Janub textile» МЧЖнинг ип-калавадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кластери ҳамда Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонасини ташкил этиш,  Термиз туманидаги Султон Саодат зиёратгоҳини таъмирлаш ва ободонлаштириш, мамлакатимизнинг Австрия, Тожикистон ва Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид тақдимотлар ўтказилди.

Шу ерда «Киномобиль» – Ўзбекистондаги биринчи инновацион кинотеатр лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Унинг ташаббускори  «Cinema  Servis» МЧЖ бўлиб, лойиҳа Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўчма кинотеатр MAN автомобили негизида ишлаб чиқилган, иситиш ва вентиляция тизими билан жиҳозланган. Томошабинлар фильмларни Dolby 5+1 товуш тизими билан 2D ва 3D форматларида томоша қилиши мумкин. Мобил кинотеатр 30 дақиқа ичида ишга тушади ҳамда 80 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Президентимиз томонидан илгари сурилган Бешта ташаббусга ҳамоҳанг ушбу инновацион лойиҳа юртимизнинг олис ва чекка ҳудудлари аҳолиси, айниқса, болалар ва ўсмирларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизга республикамиз ҳудудларида замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш лойиҳаси тўғрисида ҳам маълумот берилди. Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли якунлаш юзасидан топшириқлар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг