Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов Буюк Британия таълим вазири билан учрашди

Шерзод Шерматов Буюк Британия таълим вазири билан учрашди

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация 21-25 январь кунлари Лондон (Буюк Британия) Жаҳон таълим форумида иштирок этди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жаҳон таълим форумида 100 дан зиёд давлатларнинг таълим вазирлари ва расмийлари иштирок этди. Жаҳон форумида таълим соҳасини ривожлантириш бўйича масалаларни қизғин муҳокама этдилар.

Қайд этилишича, ривожланган хорижий мамлакатлар, шу жумладан, Буюк Британия ҳукумати томонидан мамлакатимизга бўлган эътибор ижобий томонга ўзгармоқда.

Мисол сифатида, 100дан зиёд мамлакатлар таълим вазирликлари раҳбарлари форумда иштирок этишига қарамасдан, Буюк Британиянинг Мактаб стандартлари бўйича давлат вазири, мамлакат Парламентининг аъзоси Ник Гибб томонидан Ўзбекистон Республикаси делегациясига алоҳида эътибор қаратилиб, ўзаро учрашув ҳамда расмий кутиб олиш тадбирида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан Ўзбекистондаги таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил муҳокама қилишга имконият бўлди.

Учрашувда томонлар таълим сифатини ошириш ва мамлакатимизда инглиз тилини ўқитишни такомиллаштириш бўйича масалаларни муҳокама этдилар.

Ник Гибб Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш методикасини такомиллаштириш ва ўқитувчиларни малакасини оширишда кўмак беришга тайёрлигини ҳамда бу борада Британия Кенгаши билан олиб борилаётган ишларни тўлиқ қувватлашини таъкидлади.

Икки давлат вазирларининг учрашуви яқин тарихда илк бор амалга оширилгани ҳам эътиборга молик ва Буюк Британиянинг Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларга қизиқишининг ортишидан далолатдир, дейилади хабарда.

Шунингдек, форум доирасида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Буюк Британиянинг таълим бўйича давлат котиби ва парламент аъзоси Дамиан Хиндс, собиқ таълим вазири ва Британия Кенгашининг инглиз тили бўйича бош маслаҳатчиси Чарлз Кларк, Буюк Британия халқаро савдо вазирлиги ва Британия Кенгаши вакиллари билан ҳам учрашиб, Ўзбекистонда инглиз тилини ўргатишни янада такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик муҳимлигини муҳокама қилган.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари шу билан бирга Cambridge Assessment International Education, Bridge International Academies, Education First (Швеция) ва бошқа ташкилотлар билан учрашувлар ўтказдилар.

Хорижий компания вакиллари Ўзбекистон билан инглиз тилини ўқитиш, инглиз тили ўқитувчилари билимини текшириш, дарс жараёнини онлайн назорат платформасини, мутахассисларни инглиз тилига онлайн ўқитиш тизимини жорий этиш ҳамда бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш ниятини билдирдилар.

Ўзбекистон делегацияси Британия Кенгашининг «Таълим сиёсати бўйича мулоқот: ёшларимиз келажакка қандай тайёргарлик кўряпти» мавзусидаги дастурда ҳам қатнашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг