Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов Президент мактабларини ташкил этишдаги энг асосий ва энг қийин вазифа ҳақида гапирди

Шерзод Шерматов Президент мактабларини ташкил этишдаги энг асосий ва энг қийин вазифа ҳақида гапирди

Фото: «Xabar.uz»

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг «Facebook»даги саҳифасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг 20 февралида қабул қилган «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори юзасидан ўз фикрларини билдирди.

«Президент мактабларини ташкил этиш бўйича куни кеча қабул қилинган қарор ёшларимиз орасида ўзига хос иқтидорга эга бўлганлари учун келгусида ўз истеъдодларини намоён этишга жуда катта имкониятлар очиб беради.

Бу жараённи олмосни бриллиантга айланиш жараёнига ўхшатса бўлади. Эътибор қаратилмаса, олмос ҳам оддий тошга ўхшаб қадрсиздек кўриниши мумкин, лекин ҳақиқий устасининг қўлида у жуда қимматбаҳо бриллиантга айланади.

Ҳозирги кунда, мамлакатимизнинг турли чекка ерларида яшаётган ёшлар орасида иқтидорли ўқувчиларимиз кўп. Президент мактабларининг мақсади эса ана шундай ўзига хос иқтидорли ёшларни вақтида танлай олиш ва уларга юқори малакали мутахассислар томонидан мақсадли таълим ва тарбия берилишидир.

Шу мақсадда, Президент томонидан қўйилган энг асосий ва энг қийин вазифа ҳам айнан танлов жараёнини холис ва тўғри ташкил қилишдир. Албатта, замонавий бино ва ўқув жиҳозлар билан таъминлаш, ўқув жараёнини юқори савияда ташкил этиш ҳам жуда муҳим вазифадир. Лекин танлов тўғри ташкил этилмас экан, катта маблағ сарф қилинадиган бундай ишларнинг ҳам самараси юқори бўлмаслиги аниқ.

Танловни тўғри ва холис ташкил этиш учун нуфузли хорижий ҳамкор ташкилотни жалб этиш режалаштирилган ва ҳозирда қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинмоқда», — дейди вазир.

Эслатиб ўтамиз, Президент мактабларини ташкил этишдан асосий мақсад таълим жараёнига илғор технологияларни қўллаш орқали иқтидорли ёшларни тарбиялаш ва ўқитиш, рағбатлантириш ҳамда келгусида уларни салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, етакчилик кўникмалари ва нотиқлик маҳоратини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш каби кўникмаларни шакллантиришдан иборат.

Президент мактаблари Қорақалпоғистон Республикасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларида ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган таълим муассасалари шаклида ташкил этилади. Президент мактабларининг қурилиш ишлари 2019 йилда бир вақтнинг ўзида Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда Хоразм вилоятида бўлади. Ўз навбатида, 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, шунингдек, 2021 йилда Андижон, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг