Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шошилинг, акция тугашига атиги уч ой қолди!

Шошилинг, акция тугашига атиги уч ой қолди!

Азиз юртдошлар! Сизга республикамиз бўйлаб давом этаётган 2 та муҳим акция тугашига оз муддат қолганини эслатиб ўтмоқчимиз.

Акциялардан бири — ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларни қонунийлаштириш.

Давлат идоралари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ваколатли органларнинг бепарволиги сабабли, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан, минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида уй-жойларни ноқонуний барпо этишган.

Ҳозирги кунда бу масала бутун республика бўйича оммавий тус олиб, уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги туфайли аҳоли ўртасида бошқа ижтимоий муаммоларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Масалан, ҳақиқатдан ҳам яшаб турган жойида рўйхатдан ўтиш, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келди.

Уларнинг ечимини топиш мақсадида, юртбошимиз фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори имзоланган. Унга кўра, 2019 йил 1 майга қадар фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки тегишли рухсатсиз қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди.

Жорий йилнинг 1 февралига қадар 75 242 нафар юртдошларимиз ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритди.

Биз эса эслатиб ўтамиз, акция 2019 йил 1 майга қадар давом этади. Шошилинг, бор йўғи 3 ой қолди!

Кенглик доираси бўйича иккинчи, аммо муҳимлиги юқорида айтиб ўтганимиздан кам бўлмаган ижтимоий акция — туғилиш, ўлим, никоҳ ва бошқа фуқаролик ҳолатларини қайд этишга қаратилган. Белгиланган муддатда қайд этилмаган ҳужжатларнинг 90 фоизига яқини  туғилиш ва никоҳ ҳақидаги гувоҳномаларга тўғри келди.

ФҲДЁ органларининг тизимли текшируви мамлакатимиз демокрафик статистикасида катта хатолар борлигини кўрсатди. Ҳуқуқий саводхонлиги етарли даражада бўлмаганлиги туфайли, одатда туман марказларидан четда жойлашган аҳоли пунктларида, турли сабабларга кўра,  ота-оналар туғилган чақалоқларини рўйхатдан  ўтказмагани, шунингдек, никоҳ ришталарининг тегишли тартибда расмийлаштирилмагани кузатилмоқда.

Аммо юридик нуқтаи назардан, мазкур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги фуқароларни қонуний ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум қилади. Масалан, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўлмаса — умуман инсон ҳам йўқ деб ҳисобласа бўлади. Болани боғчага расмийлаштириб бўлмайди, у мактабда таълим ола олмайди. Уйма-уй юриш натижасида Давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан мамлакатимизда 9 988 нафар ана шундай болалар аниқланди.

Уларнинг 7 712 нафари ҳозирда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни қўлга киритиб, Ўзбекистон Республикасининг тўлақонли фуқаросига айланди. Қолган аризалар кўриб чиқиш жараёнида.

Шунга ўхшаш вазият узоқ муддатда расмий никоҳсиз яшаб келган оилалар билан ҳам боғлиқ. Кўп фуқароларимиз халигача никоҳ ришталарини қонунийлаштиришнинг муҳимлиги ва мажбуриятларини ҳис этмаганликлари натижасида, бугунги кунда 10 024 та шундай оила аниқланди.

Учрашувлар ва маҳаллаларда уйма-уй хатлов ўтказилганда Давлат хизматлари марказлари ходимлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, расмий никоҳнинг ҳуқуқий мақомини тушунтиришмоқда. Ҳаётий мисолларда — бирга 20 йил яшаб туриб, ўртада ўзаро фарзандлар бўлса-да, юридик нуқтаи назардан бу фуқаролар бир бирига бегона бўлишларини, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома билан биргаликда, турли ҳаётий ҳолатларда, кишида турмуш ўртоғининг ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ тегишли қарор қабул қилиш, суд жараёнида унга қарши гувоҳлик қилмаслик, шунингдек, автоматик тарзда мерос ва оталикни тан олиш ҳуқуқлари берилиши мунтазам равишда тушунтирилмоқда.

Кенг қамровли тадбирлар натижасида, қарийб 6 500 га яқин оила ушбу масалага муносабатини ўзгартириб, никоҳни қонунийлаштирди.

Давлат хизматлари агентлиги юртбошимизнинг «Бирорта ҳам бола қайд этилмасдан қолиши мумкин эмас» ва «Туғилганликнинг қайд этилиши — бола ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигининг олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир» деган эзгу ғояларга амал қилади. Шу боис, агар Сиз, яқинларингиз ёки танишларингиз бу каби вазиятга дуч келсангиз, Агентликнинг 1148 ишонч телефонига мурожаат этишингизни илтимос қиламиз.

Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ўз вақтида қайд этилмаганлигини аниқлаш бўйича ўтказилаётган инвентаризация 2019 йил 1 июлга қадар давом этади.

Давлат хизматлари агентлиги

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг