Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Синчалак

Синчалак

Фото: «surgpu.ru»

– Ойижон, ишга кетяпман, яхши ўтиринг!

– Яна қанақа иш? Таътилга чиққанингга бир ҳафтадан ошди-ку, ҳар куни иш, дейсан...

– Бугун охирги имтиҳон, ҳамкасбим келолмас экан, ўрнига 9-синфлардан имтиҳон олишим керак.

– Ҳеч бўлмаса чойингни ичиб ол.

– Кеч қоляпман, келиб ичарман.

«Фақат сенга кеч бўлади. Бир йилдан бери шу аҳвол. Ахир бошқа ўқитувчилар соат тўққиз бўлай, деганда кўчадан ўтишади-ку! Ҳа, сенда улар каби бола-чақа, мол-ҳол ташвиши йўқ-да, кўзингни очишинг билан мактабга чопасан. Директор ҳам фақат сени кўради. Ёш кадр, инглиз тили ўқитувчиси ҳаммадан кўп ойлик олади, деб эзгани-эзган», деган ўйлар билан қизининг ортидан термулиб қолди она.

 ***

– Алло, ассалому алайкум Назира опа.

– Яхшимисиз, Зарнигор?

– Раҳмат, бугун ўқувчиларингиз инглиз тилидан имтиҳон топширишлари керак, эсингиздами?

– Ҳа-я, ёдимдан кўтарилибди, нима гап ўзи?

– Ярим соатдан кейин имтиҳон бошланиши керак, синфда умуман ўқувчи йўқ, тайёргарлик ҳам кўрилмаган, дафтарлар ҳам тамғаланмаган...

– Ҳа, ўтакамни ёрай дедингиз-а, Зарнигорхон! Мен бирор шумликни бошлашибдими, деб ўйлабман.

– Бу нима деганингиз, Назира Ҳикматуллаевна! – ўзини зўрға босиб олди ўқитувчи. – Ахир синф раҳбари сифатида давоматни таъминлаш, тайёргарлик кўриш сизнинг вазифангиз эмасми?

– Э, қўйсангизчи расмиятчиликни. Билимига қараб баҳосини қўяверинг. Ҳаммамиз шунақа қиляпмиз. Ўзингизни чарчатиб ўтирасизми бир тўда тарбиясизни деб.

– Мен бундай қилолмайман. Имтиҳон вақтигача давомат тўлиқ бўлмаса, директорга билдиришнома ёзиб бераман.

– Ҳали янгисиз-да, Зарнигорхон! Қўрқманг, директорнинг ҳам хабари бор.

– Нима?! Директордан юқоридагиларнинг-чи? Уларнинг ҳам хабари борми? Мен сизни огоҳлантирдим, яна йигирма дақиқа кута оламан, холос.

«Эҳ, афсус! Энди тушундим бу мактабда нега аҳвол бунақа эканлигини. Нега ўқувчилар тартибсиз, ўқишга иштиёқсиз, фақат куним ўтсинга мактабга келиб-кетиб юрганининг сабабини энди англадим. Демак, балиқ бошидан айниган, дарахтнинг илдизига қурт тушган. Наҳотки, қишлоқ мактаблари шундай аҳволга келиб қолган бўлса? Талабалик вақтимда бир кун келиб шунақа жойда ишлашимни ўйламаган эканман. Тўғрироғи, шу замонда бу каби ҳар жабҳада оқсоқ мактаб борлигига ишонмаган бўлардим. Мана сенга, Зарнигор Азимовна! Буларга қарши тура оласанми? Бутун мактабни исканжасига олган бу тизимга қарши кураша оласанми? Ёки сен ҳам мана шу ўқитувчилар каби оқим ичида ғарқ бўласанми?»

– Киришга мумкинми, устоз!

– Ассалому алайкум, устоз!

– Нега кеч қолдингиз, қолганлар қани?

– Назира устоз ҳозир уйимизга телефон қилдилар. Биз билмагандик. Бошқаларга ҳам айтдик, ҳозир келишади. Синф раҳбаримиз ҳам келарканлар.

– Тезда синфни тартибга келтиринг. Ҳозир имтиҳонни бошлаймиз.

– Сиз оласизми? Ўзимизнинг инглиз тили устоз-чи?

– Сизга нима фарқи бор? Билимингизга ишонсангиз, яхши тайёрланган бўлсангиз, нимадан қўрқасиз?

Бирин-кетин ўқувчилар кириб келишди. Қўлида тамғаланган дафтарлар, саволлар солинган жилдлар, баҳолаш мезони ва бир қанча керакли ҳужжатлар билан синф раҳбари ҳам ҳаллослаганча хонага кирди.

– Мана, Зарнигорхон, ҳаммаси тайёр. Ҳозир директор ҳам келар экан, телефонлашдим.

– Майли, келсин. Бир ўқувчингиз ҳали ҳам келгани йўқ.

– Унга ўзингиз ёрдам қила қолинг. Шу йил қутиламиз ўша бетамиздан.

– Мен имтиҳонга келмаган ўқувчига баҳо қўймайман.

– Келади. Келса бўлдими? Ҳозир, – шошиб чиқиб кетди синф раҳбари.

Имтиҳон бошланди. Бир ўқувчи чиқиб, конверт танлади. Унинг ичи очилиб, саволлар доскага ёзилди. Саволдан бошқа ҳеч нарса ёзилмаганидан ўқувчилар ажабланишди. Бир-бирларига ҳайрон бўлиб қарашди. Бироз кутишди. Саволларни кўчиришди. Ҳамон ўқитувчининг жимлиги уларга ғалати туйила бошлади.

– Кўчириб бўлдик, устоз! – гап ташлади бири юраги сиқиб.

– Яхши! Энди бажаринг!

– Жавобларини ёзмайсизми? – охири «портлади» бир фаросати сал камроғи.

– Жавобларини ўзингиз ёзасиз, – хотиржам эди ўқитувчи.

– Ўзимизнинг устоз доим ўзлари ёзардилар.

– Мен жавобини ёзадиган устоз эмасман. Тезроқ бўлинг! Вақт тугаши билан йиғиб оламан, – ҳайратга тушган ўқувчиларни огоҳлантирди.

 ***

– Самалекум, киришга мумкинми? – саломини оғзидаги сақичи билан қўшиб чайнаган бир бола эшик олдида гапирди.

– No, you may not (Йўқ, мумкин эмас), – инглиз тилида жавоб қилди ўқитувчи.

Ўқитувчининг гапини тушунмаган ўқувчи синф­га кириб кела бошлади.

– Мен сенга рухсат берганим йўқ. Эшик олдига бор.

– Менга ҳеч кимнинг рухсати керак эмас, директордан рухсат олганман.

– Бу имтиҳонга фақат менинг рухсатим билан кирилади.

– Кўп катта кетманг, керак бўлса, ҳозирнинг ўзида баҳоимни қўйиб берасиз.

– Имтиҳондан ўтмаганларнинг баҳоси...

– Ассалому алайкум! – ўқувчилар эшик олдида турган директорга салом беришди.

– Имтиҳон пайтида ким келишидан қатъий назар ўрнидан туриш мумкин эмас, – деди ўқитувчи, – бундан олдин имтиҳон топширмаганмисизлар?

– Зарнигорхон, яхшимисиз?

– Ассалому алайкум, Феруза Темировна.

– Қийналмаяпсизми?

– Мен-ку қийналмаяпман, ўқувчиларга анча қийин бўляпти.

– Келинг, шуларни қийнамайлик, баҳосини қўйиб бера қолинг!

– Қўйиб бераман албатта, фақат ёзганига қараб.

– Бутун синфни «йиқитмоқчимисиз», шуми мақсадингиз? – асабийлашди директор.

– Йўқ, албатта.

– Ёки мактабни туманга овоза қилмоқчимисиз? Одам бўлмайди барибир булар!

– Бу нима деганингиз? Одам қилиш бизнинг вазифамиз. Қолаверса, ўқувчиларни сизлар шу кўйга солиб қўйгансиз. Энди айбингизни ёлғондакам баҳо билан бекитмоқчимисиз...

– Бўлар-бўлмас гапни қўйинг, ҳозир ўзим баҳолаб ташла...

– Ҳаққингиз йўқ. Илтимос, имтиҳон тугагунча синфдан чиқиб турсангиз. Сизга ишониб келган мана бу ўқувчингизни ҳам олиб кетинг.

– Майли, мен чиқиб тураман. Лекин шу болани баҳосини бир амалланг, илтимос, дадаси академик лицейга қўяман, деяпти.

– Қоидага кўра имтиҳонга киритилмаганлардан қайта имтиҳонни алоҳида комиссия олади.

«Ҳали шошмай тур! Мен билан ўйнашиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман сенга. Бир-икки марта мукофот пули олмасанг, кейин ноғорамга ўйнайсан. Сени бу мактабга келганингга бир йил бўлган бўлса, мен қирқ йилдан бери шу ердаман», деган ўй директорни ташқарига олиб чиқди.

 ***

 – Ойи, яхши ўтирибсизми? Мен келдим.

 – Чарчамадингми, қизим!

 – Менинг чарчашга ҳаққим йўқ, ойи!

 ***

«Ҳеч бўлмаса, имтиҳон нима эканлигини, унинг масъулиятини ҳис қилиб кўришди-ку ўқувчилар. Бу ҳам менинг ютуғим. Ҳали ҳам кеч эмас, уларнинг тарбияси ва ўқишидаги камчиликларни тузатса бўлади. Фақат масъулиятдан қочмаслик керак», дея ўйларди ярим тунгача имтиҳон дафтарларини текшираётган ўқитувчи.

Мукаррам Отамуродова

 ***

«Синчалак» – катта ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг шу номли қиссаси мавжуд. Ёзувчи синчалак деган митти қушчага таъриф бераркан, у ҳар тонг оёғини осмонга қаратиб ётишига тўхталади. Синчалак мободо осмон қулаб тушса, оёғи билан тутиб қолишни мақсад қиларкан...

Баъзан бутун бошли тизим, урчиб кетган иллатга қарши курашмоққа бел боғлаган инсонлар синчалакка қиёсланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг