Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сирдарёда 8 киши қўлга олинди. Улар оғир жиноятда айбланмоқда

Сирдарёда 8 киши қўлга олинди. Улар оғир жиноятда айбланмоқда

Фото: Сирдарё вилояти ИИБ

Шу йилнинг 17 июль куни Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ва ДХХ Сирдарё вилояти бўйича Бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, мавсумий ишлаш учун Россия Федерациясига бориб, у ерда яширин фаолият олиб бораётган «Катибатуль Тавхид валь-Жиход» террорчилик ташкилоти таъсирига тушган яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, дейилади вилоят ИИБ хабарида.

Қайд этилишича, мазкур гуруҳ аъзолари яшаш жойларига қайтиб келишгач, яқин қариндошлари ва маҳалладошлари орасида радикал қарашларини тарғиб қилиш ҳамда интернет ижтимоий тармоқлари орқали террорчилик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш билан шуғулланганлар.

Аниқланишича, улар Россия ҳудудида бўлишлари давомида, Сурия Араб Республикасида ўрнашиб олган террористик ташкилотларга молиявий кўмак бериб келганлар ва келажакда ўзлари ҳам ушбу давлатга бориб, жангарилар сафига қўшилишни режалаштирганлар.

Тезкор тадбир натижасида жиноий гуруҳнинг Боёвут туманида яшовчи 8 нафар ва Сурхондарё вилоятида яшовчи 1 нафар аъзоси қўлга олиниб, уларнинг уяли алоқа воситалари ҳамда яшаш манзилларидан экстремистик мазмундаги материаллар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Айни пайтда, Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг