Соат 22 дан кейин тўй тўхтатилади – Қамчибек Ташиев
Қирғизистонда тўй маросимлари, шунингдек, кафе, ресторан ва тунги клублар фаолияти кечки соат 22 га қадар тўхталиши керак. Бу талаб мамлакат бош вазири ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев томонидан эслатилган.
Қўмита раисига кўра, сукунат ҳақидаги қонун асосида ҳукумат томонидан тунги вақтда осойишталикни таъминлашга доир қарор ишлаб чиқилган.
“Биз қарор қабул қилдик, аммо у ижро этилмаяпти. Бундан қандай хабар топдим? Яқинда Бишкекда ҳамкасбимнинг тўйи ярим тунга қадар давом этди, биров ҳолатга аралашмади. Жалолободда ҳам шундай вазият: тўй тунги соат 12 га қадар чўзилди, ҳеч ким бир оғиз эътироз билдирмади”, – дейди Қ.Ташиев.
Таъкидланишича, Қирғизистон ҳукумати қарорида маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари сукунат тўғрисидаги қонун ижросини назорат қилиши кераклиги белгиланган.
“Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари раҳбарлари, сизлар ёзма топшириқни бажармаяпсизлар. Энди мен расман топшириқ бермоқдаман: sоат 22 дан кейин тўйлар, кўнгилочар тадбирлар, кафе, ресторан ва тунги клублар фаолияти тўхтатилиши керак. Агар биров бу буйруққа бўйсунмаса, электр энергияни ўчириб қўйинглар”, – дея мутасаддиларга топшириқ берган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси.
Маълумот ўрнида: бир неча кун аввал Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам кескин баёнот бериб, мамлакатда бундан буён давлат тўнтаришлари рўй беришига йўл қўйилмаслигини таъкидлаганди.
Ўзбекистонда ҳам 2026–2030 йиллар “Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври” деб эълон қилингани маълум. Бу даврда ортиқча исрофнинг олдини олиш чоралари амалга оширилади. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 сентябрдаги 589-сонли қарорига мувофиқ, “Оқилона истеъмол”
дастури доирасида тўйлар, маросимлар ва оилавий тадбирлар назоратга олиниши кўзда тутилган.
Аввалроқ “Юксалиш” ҳаракати ўтказган сўровномада ўзбекистонликларнинг чорак қисми қарз олиб тўй қилаётгани маълум бўлганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter