Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Солихон домла ишдан олинди

Солихон домла ишдан олинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарига кўра, ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан машҳур бўлган Ортиқхўжаев Солихон Махкамовичнинг интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқаролар, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи ватандошларимизнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизими вакилларининг Ислом дини таълимотларини жамиятни бирлаштириш йўлида эмас, аксинча кескинлик келтириб чиқаришга сабаб бўладиган шаклда баён қилишлари, аҳоли орасида нохуш баҳс-мунозараларга сабаб бўлишларининг олдини олиш учун ўзини масъул ҳисоблайди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларида оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида фуқаролар, давлат, жамоат ва диний ташкилотларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи ахборот тарқатмаслик, салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқишлар қилмаслик талаблари қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2021 йил 30 ноябрь куни чиқарилган буйруқда диний соҳа ходимлари томонидан жамоат олдида, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда муайян шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган маълумот эълон қилиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий чора кўрилиши қайд этилган.

Таассуфки, ўтган давр давомида Диний идора Солихон домла Ортиқхўжаевнинг фаолиятидан кутилган натижаларни олмади. Домла биринчидан, аксарият вақтини турли ҳудудларда истиқомат қилувчи мухлислари таклиф этган тўй-маросимларга сарфлаб, иккинчи томондан, яшаш манзили узоқда эканини сабаб қилиб, бириктирилган масжидда тўлақонли ишлагани йўқ.

Энг асосийси, Солихон домла Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички меҳнат тартиби, буйруқлари, шунингдек, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва меҳнат мажбуриятларида ахборот тарқатиш, маъруза қилиш масалаларида юқорида қайд этилган талабларга риоя эта олмади. Ўтган давр ичида Солихон домла ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакили мақомига зид чиқишлари учун бир неча бор Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан огоҳлантирилиб, унга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди» — дейилади муносабатда.

Бундан ташқари, Солихон домла 2021 йилда ўзининг чиқишларида амалдаги қонун талабларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг