Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурхондарёда суд ижрочилари кўз ўнгида мудҳиш қотиллик содир этилди

Сурхондарёда суд ижрочилари кўз ўнгида мудҳиш қотиллик содир этилди

Фото: «Казинформ»

Сурхондарёда оилавий келишмовчилик ва ажрим сабаб юз берган мудҳиш жиноят ҳақида «Ҳуқуқ» газетасида мақола чоп этилди.

Оила қуриш, у хоҳ қонуний, хоҳ шаръий бўлсин, ҳар икки ёшга ўзига яраша маcъулият юклайди. 1991 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган Мансур Кенжаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам онаси топиб берган қизга шаръий никоҳ билан уйлангач, рўзғор тебратиш ташвишига тушди. Тайинли ҳунари бўлмагани сабабли, Чирчиқ шаҳрига келиб, деҳқон бозорида аравакашлик билан шуғуллана бошлади.

Турмушнинг ўзига яраша «мушт»лари бўла-ди. Аввалига рисоладагидек яшаган ёшларнинг ўртасига кўп ўтмай, совуқчилик тушди. Эр бирни айтса, хотини икки билан жавоб қайтарди. Орада хотини икки-уч бор ота уйига кетиб ҳам қолди. Маҳалла ҳамда ота-оналар ўртага тушиб, уларни яраштириб қўйишди. Аммо оилавий жанжаллар тугамади. Мансур хотинига қўл кўтаришгача борди. Натижада суд томонидан жарима жазосига тортилди.

«Эр хотиннинг уришиши — дока рўмолнинг қуриши», дейилганича бор экан. Кўп ўтмай улар ярашиб, яна бирга яшай бошлашди. Бироқ, бу узоққа чўзилмади. Жанжаллар яна авж олди, хотини уйига кетиб қолди. Бу пайтга келиб, хотини ўзига тегишли мол-мулкни қайтаришни сўраб, судга мурожаат қилди. Суд томонидан унинг даъвоси қаноатлантирилди.

2017 йилнинг баҳори. Мансур бозорда арава тортиб юрганида, уйидан чақириб қолишди. Уни хотини билан қайнсинглиси ҳамда суд ижрочилари кутиб олишди. Суд ижрочилари ўзларини таништириб, суд қарори ижроси юзасидан келишганини айтишган эди, у розилигини билдириб, индамай бир четга ўтирди. Ижрочилар хатловни бошлашди.

Бир маҳал хотини айрим буюмлари эскириб, уриниб қолганини айтиб, янгисини олиб беришни талаб қила бошлади. Унга синглиси ҳам қўшилди. Шу пайтгача жим ўтирган Мансур тўсатдан асабийлаша бошлади. Қулоғига гап кирмай, миясида турли фикрлар чарх ура кетди. Хонада нималар бўлаётганини идрок этолмай, ён-атрофига аланглади-ю, кўзи бир четда ётган пичоққа тушди. У пичоқни қандай олди, қанақа қилиб қайнсинглисининг кўксига санч­ди, ўзи ҳам билмай қолди. Қайнсинглиси эшик томон қочганида эса қўрқувдан донг қотган хотинига юзланди-да, энди унга пичоқ билан ташланди. Хотини йиқилганидан кейин ҳам унга кетма-кет зарба берди. Қимирламай қолгач, пичоқни ташлаб юборди. Ўзи таш­қарига чиқиб, бир четга ўтирди.

Тўсатдан юз берган ҳодисадан даҳшатга тушган ижрочиларнинг бири милицияга, бош­қаси тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Яна бири эса машинасида бориб, қишлоқ тез тиббий ёрдам шохобчаси фельдшерини олиб келди. Фельдшер опа-сингилни текшириб кўргач, ўлим ҳолатини қайд этди. Кўп ўтмай, тез ёрдам ҳамда ички ишлар ходимлари ҳам етиб келишди…

Суд жаҳлини жиловлай олмай, арзимаган буюмларни деб, икки инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабабчи бўлган Мансур Кенжаевга 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг