Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тадбиркорларга инвестицион муҳитдаги ўзгаришлар тушунтирилди

Тадбиркорларга инвестицион муҳитдаги ўзгаришлар тушунтирилди

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан кеча, 7 август куни Тошкент тумани ҳокимлигида Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилишга бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда вилоятнинг мутасадди идора ва ташкилотлари масъул ходимлари, шунингдек, туманда фаолият юритаётган хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар вакиллари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда инвестиция киритишни режалаштираётган ва тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган юридик ҳамда жисмоний шахслар иштирок этди.

Йиғилишда Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Нуритдинов ва бошқарма бош маслаҳатчиси У.Миршаев сўзга чиқди.

— Фармонга мувофиқ қатор кафолат ва имтиёзлар яратилди, — дейди  У.Миршаев. — Хусусан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача камайтирилди. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондининг энг кам миқдори 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача камайтирилди. Фармоннинг яна бир эътиборга молик жиҳати, эндиликда мамлакатимизга инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик уч йиллик виза олиш имкони яратилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга мазкур фармоннинг аҳамияти тушунтирилди ҳамда уларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича тушунтиришлар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг