Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тадбиркорларга зўравонлик қилган жиноий тўда қўлга олинди

Тадбиркорларга зўравонлик қилган жиноий тўда қўлга олинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин ривожланиши учун яратилаётган кенг имкониятлар, фаолиятига ноқонуний аралашмаслик ва фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича кўпгина саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётган бир пайтда Сирдарё вилоятида яшовчи жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тадбиркорлар ва фуқароларга зўравонлик ўтказиш орқали товламачилик ва қўрқитиш йўли билан «улуш» ундириб келганлар.

Хусусан, Гулистон шаҳар, Гулистон ҳамда Ховос туманларида истиқомат қилувчи фуқароларни жиноий гуруҳга маблағ тўламаганлиги сабабли доимий қўрқитиш, уларга жисмоний тазйиқ ўтказиш ва бошқа турдаги жиноятларни содир этиб келганлар. Жабр кўрганлар эса ҳаётлари ва оила аъзоларининг хавфсизлигини ўйлаб ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмаганлар.

Жорий йилнинг 11 февраль куни Сирдарё вилояти ИИБ ва ДХХ Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноий гуруҳнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Хусусан, Гулистон шаҳри ва туманида яшовчи фуқаролар, 1983 йилда туғилган «Маман» тахаллусли А.М., 1994 йилда туғилган М.А., 1968 йилда туғилган Х.Э., 1992 йилда туғилган З.А., 1991 йилда туғилган Э.О. ва 1984 йилда туғилган Э.С. ва 1994 йилда туғилган Х.Ш.лар ўзаро тил бириктириб, фуқароларга транспорт хизматини кўрсатувчи тадбиркорлар ва фуқаролардан ноқонуний «улуш» олаётган вақтларида қўлга олиндилар.

Гуруҳ аъзоларининг яшаш жойларида ўтказилган тинтув давомида жиноятга алоқадор далилий ашёлар топилган ва улардан жабр кўрган шахсларнинг шикоят ва аризалари тўпланган.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилоят ИИБ Тергов Бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104, 105, 165-моддаларининг тегишли қисмлари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноятчилар Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси асосида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг