Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Талаба нимани яхши кўради ёхуд Авлоний услубидаги оддий мулоҳаза

Талаба нимани яхши кўради ёхуд Авлоний услубидаги оддий мулоҳаза

Фото: ТАТУ

Толиби илмларимизнинг туриш-турмуши жуда қизиқ. Авлоний бобомиз бир аср муқаддам қаламга олган ушбу мавзуга камина бугунги кун нигоҳи билан разм солмоққа ҳаракат қилдим. Ҳукми ўзингизга ҳавола.  

Айни вақтда баъзи тенгдошларимиз муҳим ва масъулиятли иш — илм олишдан оғмоқдаки, бундан кўз юмиб бўлмайди. Талабалар тураржойида истиқомат қиладиганларнинг баъзилари «ётоқ — хандон, дарс — зиндон» қабилида яшайди. Улар учун саксон дақиқалик дарсда тишни тишга босиб ўтиришдан ёмони йўқ. Қўнғироқнинг умидбахш садолари янграши билан бинодан шундай отилиб чиқишадики, уларнинг олдида сайёрамиз энг чопағони Усейн Болт ҳам хижолат тортса керак.

Иккинчи тоифага дарс пайтида кўчада тараллабедод қилиб, ғалвир сувдан кўтариладиган сессия маҳали айби борнинг тиззаси қалтирар деганларидек ўқитувчи олдида бечора қиёфада туришни хуш кўрадиган ялқовлар киради.

Айрим йигитлар маданий-маърифий тадбирлар, кутубхона-ю тўгараклардан кўра тунги клуб, чойхона ва ресторанларга боришни афзал кўради.

Талабалар орасида мусиқа шайдолари ҳам кўп. Фақат негадир аксарияти мумтоз куй-қўшиқларимиздан баҳра олиш ўрнига «Дарёлар бўйида, харсангтош қўйнида» ёхуд «Лайло, опанг қани?» қабилидаги томоқйиртар қўшиқларни эшитгани-эшитган.

ХХI асрда инсоният мисли кўрилмаган техник тараққиётга эришиш баробарида баъзи муаммоларга ҳам дуч келди. Йигит-қизларимиз китоб мутолааси, фойдали юмушлар, ҳатто маданий ҳордиқ чиқаришни бир четга суриб, «Тelegram», «Facebook» каби ижтимоий тармоқларда уззукун суҳбатлашишдан толмайди.

Энди бевосита таълим жараёнига тўхталсак. Баъзи талабалар маъруза вақтида эснашу имтиҳон вақтида изиллаб осон жавоб ахтаришни хуш кўрарлар, яхшиям ихтиёрида электрон китобларга тўлиб-тошган мобил телефон ва исталган маълумотни бир зумда муҳайё қилиб берадиган интернет бор.

Йигитларимиз европача йиртиқ-ямоқ шимлар, қизларимиз қайсидир хонандага тақлидан тикилган «замонавий» либослар кийишни хуш кўради.

Замонамиз тезкорликни, билимни талаб этади. Ёшларимизга жиддий, салмоқли мавзулар кўтариладиган веб-сайтлар, таълимий дастурлар ўрнига «дунё ажойиботлари» ёки «фалончи ажрашиб, фалончи уйланганмиш» қабилида ахборот берадиган манбалар маъқул.

Китобхон талабаларимиз эса асрлар давомида энг яхши деб тан олинган мумтоз асарлардан кўра ҳазми тез, «Уддабурон йигитнинг бедазордаги саргузаштлари»гa ўхшаш олди-қочдилар мутолаасини хуш кўрарлар.

Илмга рағбати бор баъзи талабалар эса «сен зўр, сендан мен зўр» тарзида масала талашишни, рақибни «ер билан яксон қилиш»ни хуш кўради.

Айрим «зукколар» мавзуни чуқур ўрганиш ўрнига яхши баҳо пайига тушишни, спорт ва чет тилларини ўрганишдан кўра уйқуни, талабалар тураржойида «тундан тонггача» уланадиган суҳбатларни яхши кўрарлар. Ижодга бефарқ бўлмаганлар давра қуриб шеър ўқиш, фойдали баҳслар ўрнига уззукун компютерда фильм томоша қилишни яхши кўрарлар.

Дўстларим мендан «ёт отган тошдан жигар отган увада қаттиқ тегар» деб оғринмасин. Ҳозир айни ўқиб-ўрганадиган пайтимиз. Крилов бобонинг Ниначисига ўхшаб қиш ғамини ёзда емасак, эртага қийналиб қоламиз.

Улуғбек Орипов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг