Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Таълим олишга тўсқинлик қилган шахсларга қандай жазо бор?

Таълим олишга тўсқинлик қилган шахсларга қандай жазо бор?

Фуқароларимиз орасида ёшларнинг таълим олишига тўсқинлик қилаётганлар ҳам учрамоқда.

Фото: «Huffingtonpost.com»

Ўзбекистонда таълим соҳасини янада ривожлантириш, таълим-тарбия сифатини ошириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшларнинг таълим даргоҳларида чуқур билим олишлари учун ҳам республикада барча шарт-шароитлар яратилган. Бироқ шунга қарамай, фуқаролар орасида ёшларнинг таълим олишига тўсқинлик қилаётганлар ҳам учрамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига келиб тушган мазкур мурожаатга эътибор беринг: «Коллежда иккинчи босқичда ўқийман. Ота-онам чет элда. Менга қараб туриш учун амакимни бириктириб қўйишган. Аммо амаким менинг дарсларга боришимга қаршилик қилмоқда».

Билим олишга интилаётган ёш авлодга бўлган бундай ноҳақликни қандай баҳолаш мумкин? Афсуски, орамизда таълим олиш учун ҳукумат томонидан яратилган имкониятларга беписандлик билан муносабатда бўлаётган фуқаролар ҳам бор. Аммо, мамлакатимизда ҳар бир ноҳақликка яраша жавобгарлик белгиланган. Зеро, қонунга зид равишда амалга оширилган ҳар қандай ишга нисбатан жазо муқаррар.

Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунида ҳам вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шартлиги ҳамда уларнинг мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгар эканликлари қайд этилган.

Хўш, юқоридаги мурожаат бўйича қонунларимизда қандай жавобгарлик белгиланган? Мазкур саволга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси бўлим бошлиғи Бобур Каримов қуйидагича жавоб берди:

— Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснининг 47-моддасига мувофиқ, болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро таълим олиш ҳуқуқига эга. Агар бир фуқаро бошқа бир фуқаронинг таълим олишига тўсқинлик қилаётган бўлса, у ҳолда ўша инсон қонун олдида жавоб беради. Шу боис, ўз ҳуқуқингизни билинг ва уни қонун доирасида ҳимоя қилинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг