Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Таниқли исломшунос судга берилди

Таниқли исломшунос судга берилди

Фото: «Facebook»

Сарлавҳадаги «исломшунос» сўзига кўпам тирғалавермасликни сўрардик аввало. Мубашшир Аҳмад — серқирра инсон: блогер, ношир, таржимон, муҳаррир, мударрис, воиз... Бу нисбатларни умумлаштириб турадиган нарса унинг исломшунослигики, урғу шунга берилаётганида ҳеч қандай ғараз йўқ!

Гапни изоҳдан бошланганимизнинг сабабини илғаётган бўлсангиз керак: кейинги пайтда қўли қонга ботган қотил ёки қандайдир фирибгар ҳақида ёзилган мақолаларда жиноят қолиб, жиноятчиларнинг бошқа «сифатлари»га (қотилнинг гўёки намозхон, фирибгар аёл «шаръий хотини» экани... Ажаб-ажаб?!) эътибор қаратилаётгани кенг оммада кўп ва хўп норозилик келтириб чиқарди. Бизам балоларга қолмайлик дедик-да.

Хуллас, Мубашшир Аҳмаднинг таниқли исломшунос экани баҳсдан холи ҳолат. Унинг судга тортилаётгани ҳам ҳеч қандай жиноятга алоқадор эмас! Бу бор-йўғи фуқаровий-ҳуқуқий муносабатга доир масала, холос. Яъники, бир муддат аввал Мубашшир Аҳмад «Asia supermarketi»дан маҳсулот («судга таъсир ўтказиляпти» маъносидаги маҳобатларга ўрин қолдирмаслик учун маҳсулот номи очиқ ёзилмади) харид қилгани билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида тўрт энлик мулоҳаза битганди. Супермаркет мутасаддилари буни айрича тушунганми ёки бошқа сабабми, ишқилиб, муаллифнинг мулоҳазалари юзасидан судга мурожаат этган кўринади. Бор-йўқ масала шу.

Шугина нарсани судгача олиб чиқиш шартми? Бу энди даъвогарнинг ҳуқуқи. Модомики, ҳуқуқи бор экан, ундан хоҳлаганича фойдаланиши мумкин. Вассалом.

Вазиятни аввалдан башорат қилиб бўлмайди, албатта. Масалага қонуний нуқта қўйишга фақат судда ваколат бор. Бизда эса вазиятни кузатиб, бор воқеликни борича ёзиш учун суд қарорини кутишдан ўзга чора йўқ.

Воқеалар ривожини биз билан кузатинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг