Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ИИБ ходимлари таниқли журналистга куч ишлатгани айтилмоқда. Ҳодисага Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева муносабат билдирди

ИИБ ходимлари таниқли журналистга куч ишлатгани айтилмоқда. Ҳодисага Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева муносабат билдирди

Фото: «Xabar.uz»

Журналист Алишер Рўзиохунов  («Kun.uz») Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновдан истеъфога кетишни сўради. Бунга сабаб сифатида ички ишлар органлари ходимлари ҳамон фуқароларни ҳақоратлаб, калтаклашда давом этаётгани, вазир эса  тизимни ўзгартира олмаётганини келтиради. Яна бир мисол ўлароқ, журналист ўзи билан юз берган воқеликни келтиради.

Журналистга кўра, у 23 октябрь куни кечаси бошқарувидаги автомашина билан чорраҳадан (манзил аниқ ёзилмаган, бироқ пойтахтдаги чорраҳалардан бири эканига шубҳа йўқ) ўтаётганда ЙПХ инспектори бир машинага тўхташ ишорасини қилади. Ўша машина ҳайдовчиси йўл ёқасидаги инспектор хизмат машинасига ёнма-ён, йўлнинг иккинчи йўлагига тўхтайди. Инспектор эса йўлнинг учинчи йўлагидан ҳайдовчи томон юриб келаётган пайтда тирбандлик ва вазият тақазосига кўра журналист йўлнинг учинчи ва тўртинчи бўлаги орасига тушиб қолади. Айни жараёнда инспекторнинг қўли унинг машинаси ўнг ён ойнасига тегиб кетади.

Журналист воқеа жойидан қочмайди, инспектор келгач, унга йўл ўртасига сал эътибор билан чиқишини айтиши ортидан можаро бошланади. Бир эмас, иккита эмас, нақ олти нафар ички ишлар ходимлари уни ўраб олиб, «буни расмийлаштир, одам урди», дейишга тушади. Вазият кутилмаган ўзанга бурилиб кетишидан хавотир олган журналист Тошкент шаҳар ИИББда кимни таниса, ўшаларга қўнғироқ қилиб, оддий англашмовчилик жиддийлашиб кетаётганини тушунтиради. Бу орада инспектор унинг телефонини олиб, шаҳар ИИББ масъулларидан бири билан гаплашаётганда ИИБ ходимларининг бири дубинка билан бесабаб журналистнинг қорин қисмига туширади! Сўнг дубинка зарбидан икки букилиб қолган журналистни «актёр экан, тегма, ҳозир ўзига келади», дея масхаралашади.

Бу ёқда инспектор телефонда суҳбатни тугатиб, қайтиб келади ва унинг журналист эканини ҳамкасбларига айтгач, 10 дақиқа ичида атрофдаги ички ишлар ходимлари тумтарақай бўлади...

«...Инспектор ва зудлик билан шу жойга етиб келган раҳбари мени юпатиб кечирим сўради. Мен қабул қилдим. Аммо гап уларда эмасди. Хуллас, вазир жаноблари, иккиюзламачи, ўзбошимча ва ваколатини суистеъмол қилиб, одам урадиган, ҳақаротлайдиган ходимларингизни ислоҳ қилолмаяпсиз. Буни эплайдиган одамга ўрнингизни бўшатиб беринг», деб ёзади журналист. Сўнг қўшимча қиладики: «Мен ўзимни ҳеч қачон бундай вазиятларда оппоқ кўрсатмайман. Инспектордан айбим бўлса, буни расмийлаштиришни 5 марта сўрадим...».

Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда тарқалишидан кўп ўтмай, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов баёнот билан чиқди. У журналист Алишер Рўзиохунов билан бўлиб ўтган ҳолатдан хавотирда эканини таъкидлар экан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан «...ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиб, масалага ойдинлик киритилишини, айбдорларга нисбатан жазо чораси қўлланилишини» сўрайди.

Шунингдек, жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам воқелик  юзасидан муносабат билдирди. «Албатта қонун барча учун баробар бўлиши керак. Ҳоҳ у оддий фуқаро ёки журналист бўлсин, лекин хизмат вазифасидаги ходимлар одамларга қўл кўтаришига қаршимиз. Журналистларни биз ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қиламиз», дейди Саида Шавкатовна.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг баёноти ҳам ўзини кўп куттирмади. Унда пойтахт ИИББ томонидан мазкур маълумот ўрганиб чиқилиб, воқеада иштирок этган барча ходимларнинг ҳамда фуқаро А.Рўзиохуновнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши айтилади. Шунингдек, «...блогер ва журналистлардан, ўз мавқеини рўкач (? — таҳририят) қилиб ички ишлар органлари ходимларининг ишларига халақит бермасликларини, ижтимоий тармоқларда ўзи билан содир бўлган воқеаларни бузиб талқин этиб (таъкид бизники — таҳририят) оммага намойиш қилмаслик» ҳам сўралади.

Холис айтиладиган бўлса, ички ишлар органлари ходимлари билан боғлиқ можаролар кун-кунаро ижтимоий тармоқларни «безаб» турибди, рости. Кейинги икки сутканинг ўзида иккита ҳолат юз берди. Яъниким, куни кеча ашаддий жиноятчи Нурафшон шаҳар суди биносидан қочиб кетгани шов-шув келтириб чиқарган бўлса, Каттақўрғон тумани ИИБ терговчиси номусга тегиш жиноятини  «ёпиб юборгани» жамоатчиликда катта савол туғдирмоқда. Журналист билан боғлиқ ҳолат эса камида учинчи воқелик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг