Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вебстер университети магистратурасига қабул тугашига икки ҳафта қолди

Вебстер университети магистратурасига қабул тугашига икки ҳафта қолди

Фото: «Tuit.uz»

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда фаолият бошлаган АҚШнинг Вебстер университети Master of Business Administration (MBA: Бизнес бошқаруви магистратура йўналиши) ўқув дастури асосида «Лойиҳаларни бошқариш» йўналишига талабалар қабул қилинмоқда.

Ўқув дастури давомийлиги — 18 ой, 3 семестр.

Таълим Тошкент ахборот технологиялари университетида, Вебстер университети профессорлари ва маҳаллий профессор-ўқитувчилар томонидан (инглиз тилида) университетлар ўртасида имзолаган келишувга асосан олиб борилади.

Вебстер университети MBA дастури «АҚШнинг бизнес-мактаблар ва дастурлар аккредитация кенгаши»нинг аккредитациясидан ўтган бўлиб, унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳам мақулланган. Таълимни мувафаққиятли тамомлаган талабалар «Лойиҳаларни бошқариш» йўналишида Вебстер университети MBA магистри дипломини қўлга киритадилар.

Ўқув тўлов-контракт қиймати бир семестр учун — 3000 АҚШ доллари. Таълим учун умумий тўлов қиймати 9000 АҚШ долларини ташкил этади. Тўлов Ўзбекистон миллий валютаси — сўмда амалга оширилади (АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати Марказий банк томонидан тўлов амалга оширилган кунда белгиланган курсда ҳисобланади). Дарсликлар ва таълим жараёнида керак бўладиган ўқув материаллари учун тўловлар қўшимча тарзда амалга оширилади.

Ўқув дастури 2019 йилнинг мартидан бошланади. Талабалар таҳсил давомида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги ташкилотларида амалиёт ўтайдилар.

Таълим инглиз тилида олиб борилади. IELTS бўйича талаб 6.0 ва ундан юқори.

Таълим олиш хоҳишини билдирганлар бакалавр босқичини тамомлаган бўлишлари ҳамда иқтисодиёт, бизнес ва менежмент фанлари бўйича базавий билимларга эга бўлишлари талаб этилади.

Аризалар топширишнинг сўнгги муддати — 20.02.2019 й.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг