Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Титаник-газеталар»нинг қанча умри қолди?

«Титаник-газеталар»нинг қанча умри қолди?

Фото: «Родикон»

Россиялик журналист Андрей Миловидов ўзи ишлайдиган газета мисолида босма даврий нашрлар ўтмишга айланганини ёзди

«Газетада ишлашимни айтсам, ўзгача ҳурмат билан қарашади. «Журналист? ЎҲ-ҲУ!»

Кейинги бериладиган савол: «Сизни интернетда қандай топса бўлади?».

Ҳеч қаерда, дейман. Газетанинг сайти йўқ.

Шунча иззат-эътибор шу он сўниб, ўрнини шубҳа эгаллайди. Ҳиммм. Қандай қилиб?

Мана бундай.

На сайт, на «ВКонтакте»да гуруҳлар, на Инстада ағдарма саҳифамиз бор. TikTok ёки ClubHouse ҳақида-ку оғиз ҳам очмайман.

Агарда ўлимга маҳкум динозавр қай кўйга тушганини ўз танингизда ҳис этмоқчи бўлсангиз, марҳамат, бизга ишга келинг.

Аммо... Сизсиз ҳам динозаврларнинг ташвиши ўзига етарли. Билсангиз агар...

Келинг, яхшиси, сизга газеталар қандай ўлаётганини ҳикоя қилиб бераман. Тўғрироғи, битта алоҳида газета мисолида. Секин ва виқорла бу «Титаник» тубга қандай чўкаётганини. Қарангки, гувоҳ, яна бевосита қатнашчи сифатида жараённи ичидан кузатиш имконим бор. Бундай омад ҳар кимга ҳам эмас, нима дедингиз?

Жой/вақт/одамлар

Демак, жой ҳақида

Марказий Россиядаги кичик шаҳар. Аҳолиси 50 минг кишидан ошмайди (аслида бундан анча кам). Йирик магистраллар ёқасидаги туман маркази.

2012 йили бу ерда 6 та газета чиқарди. Биттаси шаҳар маъмурияти ҳисобидан, биттаси реклама чиқарарди, 4 таси — бошқалар. Ўша «олтин йиллар»да буларнинг умумий адади 20 000 нусхадан ошган. Бироқ бу фаровон ҳаёт узоқ чўзилмади. Ҳар хил сабаблар (банкротлик, мулк эгасининг ўзгариши, федерал монопол қўмита билан низолар) оқибатида икки йил давомида олтита газетадан тўрттаси ёпилиб кетди.

2014 йили шаҳар ОАВ бозорида иккитагина нашр қолди: бири бюджетдан молиялаштириладиган маҳаллий газета, иккинчиси ягона хусусий газета.

2012 йили мен бу ерга қарзлар юкини кўтара олмай тез орада ёпилиб кетган бошқа бир газетадан келганман.

Назаримда, муаммо фақат ҳар бири ўз тарихига эга газеталарнинг ёпилиб кетишида эмас.

Бирин-кетин истеъдодли профессионаллар, уларга қўшилиб рақобат ва муқобил нуқта назар ҳам кетаётганди... Агар 2012 йили шаҳарда 25 нафар ёзувчи журналист ишлаган бўлса (штатдагилар ва жамоатчилар), орадан тўққиз йил ўтиб, атиги 7 нафари қолди.

Газетанинг «тўртинчи ҳокимият» мавқеи ҳам ер билан битта бўлди. 2012-2013 йилларда ҳар иккинчи муаммоли мақолага туман маъмурияти ёки тегишли хизматлардан расмий муносабат олинган бўлса, бугун «юқоридагилар» газета танқидини пайқашмайди ҳам.

Парвозсиз трамплин

Бир куни қизиқиб қолдим — тумандаги кичкина хусусий газетани қандай келажак кутяпти? Ахир Россияда косаси оқармаётган бунақа нашрлардан ўнлаб-юзлаб топилади.

Фалсафага берилмай, шартта охирги етти йиллик 2014 йилдан 2021 йилгача чиққан газеталар подшивкаси (барча сонлар тўплами)ни ва калькуляторни қўлга олдим. Кейин ҳисоблашга тушдим.

Мени аввало ададлар, обуначилар сони, қанча реклама ва эълонлар кетгани қизиқтирарди.

Нималар чиққани қуйидаги жадвалда.

Фото: «Vc.ru»

Энг «ўтириб қолгани» тираж (тепадаги кўк чизиқ). 2011-2012 йилларда 5000 ададда чиққан, 2014 йилда 4400 нусхагача пасайиб, кейин фақат қуйига инишда давом этган. Вақти-вақти билан пасайиш енгил секинлашиб, кўтарилишлар ҳам бўлган, аммо бир неча ойдан уёғига чўзилмаган. Газетанинг бугунги тиражи — 1600 нусха (7 йил ичидаги йўқотиш: -63,6 фоиз).

Ўтириб қолиш сабаблари талайгина. Улардан бири — босмахона ва почта хизматлари нархларининг ошиши. 2012 йилгиси билан солиштириш учун қўлимда ҳозир статистика йўқ, лекин газета бюджетининг салмоқли қисмини шу харажатлар ютиб юбораётгани рост. Ҳамкасбларим алдашга қўйишмайди.

Бошқа бир, бундан-да кам бўлмаган яққол сабаб — интернет. Ўз сайтига эга бўлмаган ҳафталик нашримиз ҳам тезкорликда, ҳам контент хилма-хиллиги борасида ижтимоий тармоқларга ютқазяпти.

Газетамизнинг асосий истеъмолчилари — илк сонидан у билан бирга содиқ обуначилар. Кўпчилиги 50+ ёшлилар ва пенсионерлар, табиийки, вақт ўтгани сайин улар янада кексайиб, кетишни бошлайди...

Агар 2014 йилда газетамизга 1155 киши обуна бўлган бўлса, бугун — 600 нафар. Пасайиш — 50 фоиз.

Буёқда типография хизматлари нархлари тизимли равишда ошиб борганини ҳам ўйлаш керак. Бунинг оқибатида ўтган 7 йилда газетанинг чакана савдодаги нархи 16 рублдан 25 рублгача қимматлади.

Нашримиз ижтимоий-сиёсий саналгани билан, реклама ва эълонларнинг роли катта. Илгари қандай эди, ҳозир-чи — бу ҳам сизга қизиқ бўлса керак.

2014 йилда газетада реклама устунлари сони 9 та, берилган эълонлар сони 820 та эди, 2021 йилда реклама устунлари сони 6 тани ташкил этиб, эълонлар сони 200 тадан ҳам ошмаяпти (7 йил ичидаги йўқотиш: -76 фоиз).

Сабаби тушунарли. Кўпчилик учун бугун реклама ва эълонларни на уёқли на буёқли бўлиб турган газетада бергандан «Авито» каби сайтларда берган қизиқроқ ва қулай.

Яна бир реклама формати бу — модуллар («рамкалар»). Агар 2014 йилда газетада бунақа рамкалардан 136 таси турган бўлса, ҳозир 90 таси қолган (7 йил ичидаги йўқотиш: -33 фоиз). Реклама берувчиларнинг интернетга кетиши шу бўлса, тахминимча, газетада реклама модуллари сони камайиши геометрик прогрессияга айланиб кетади.

Даромад ва соф фойдамиз қай тариқа ўзгарганини атай ёзмадим. Ҳар ҳолда касбий этика деган нарсалар бор. Қолаверса, тепада мен келтирган рақамлар ҳам етарли деб ўйлайман.

Ўзгармаган нима қолди?

Шу 7 йил ичида умуман ўзгармагани бу — ходимларнинг энг кам иши ҳақи даражасида ўликдек тош қотган маоши. На бир бир бўҳрон, на бир инқироз уни жойидан силжита олди!..

Динозаврлар бўйича хулосалар

Хўш, хулосангиз қандай? Воқеаларнинг давоми қандай кечишини олдиндан кўра билиш учун супер-мега-зўр таҳлилчи бўлиш шартмас. Агар тираж обуначилар сони ва реклама ҳажмларига уйқаш қулашда давом этса (бунга шубҳам йўқ), мен ишлайдиган газетанинг сўниб бораётган инерцияси, энг умидбахш башорат қилинганда ҳам, 1-2 йилда тугаб битади.

Кейин-чи? Муассис эртами-кечми, барибир шу дилеммага тўқнашади: ё зарарга ишлаётган бизнесни ёпиш ёки уни кенг кўламли ислоҳ этиш.

Пайқаган бўлсангиз керак, иккинчи йўл танланишига ҳеч ҳам кўзим етмаяпти. Газетани 5-6 йил аввал, онлайнга мослаштириб, қутқариб қолиш мумкин эди. Бироқ энди кеч.

Вақт бой бериб бўлинган: «Титаник»ни уммон қаъри томон йўлидан қайтариш имконсиз».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг