Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тожикистонда нега суициднинг аянчли шакли кенг тарқалгани ўрганилди

Тожикистонда нега суициднинг аянчли шакли кенг тарқалгани ўрганилди

Иллюстратив фото

Аёлларга нисбатан дискриминация мавзуси тез-тез кўтарилиб туради, бироқ унинг оқибатлари ҳақида ҳамма жим (ҳатто миллий характерга эга бўлса ҳам). Тожикистон аёллари ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг энг кенг тарқалган усули бу ўз-ўзини ёқишдир, деб ёзади Рамблер. Таҳририят бундай умидсизликка нима туртки бўлаётганини аниқлашга ҳаракат қилди.

Aмерикадаги Галлуп институти тадқиқотчилари Тожикистон аҳолисининг 85 фоизи диндорлар эканини аниқлади. Исломда ўз жонига қасд қилиш эса кечирилмас гуноҳ.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2011 йилда 277 нафар тожикистонлик аёл ўз жонига қасд қилишга уринган. 2015 йилда эса улар сони 624 нафар деб қайд этилган.

Ўзини ўлдиришга қарор қилган аёлларни ўлим қўрқуви ҳам, диний тақиқу фарзандлар келажагидан қўрқиш ҳам тўхтата олмайди. Авваллари қизлар осиш ёки сирка ичиш орқали ўз жонига қасд қилишган бўлса, эндиликда оммавий ўзини ёқишни танлашяпти.

Ўз-ўзини ёқиш дастлаб норозиликнинг радикал шакли сифатида пайдо бўлган. 1920-1930 йилларда Марказий Осиёнинг республикаларида «Ҳужум» кампанияси ўтказилди ва аёлларга паранжиларни ечиб, ижтимоий ҳаёт бошлаш таклифи берилди. Бундай қарор қабул қилиш осон кечмаган, аёллар икки ўт орасида қолишган: бир томондан Совет раҳбарларининг босими, бошқа тарафдан диний меъёрлар. Ўша пайтда урф-одатларни сақлаб қолиш учун курашувчилар паранжини ечишга журъат этганларни таъқиб қилишган. Шунда биринчи марта Марказий Осиё республикаларидан 203 нафар аёл ўзини ёқиш йўлини танлаган.

Психологлар ўз жонига қасд қилишнинг бу турини шахсий муаммоларни ижтимоий даражада намойиш этиш дея изоҳлашади. Жимлик, андиша маданияти аёлларнинг адолатга эришишига тўсқинлик қилади, уларни тинглашга йўл қўймайди. Тожикистонда қўни-қўшни ва қариндош-уруғларнинг фикри муҳим, шу боис шикоят қилиш сиз учун эмас. Энг ачинарлиси, ўз жонига қасд қилган аёллар куйиш марказларига келтирилгач, авария қурбонлари сифатида рўйхатга олинади.

Оиладаги зўравонлик мавзуси «ҳар кимнинг ўз иши» бўлгани учун аралашиш тақиқланади. Aммо олдинлари жабрланганлар осишни, чўкишни, сирка ёки дорилардан фойдаланишни танлашган бўлса (эътиборни жалб қилмасдан), эндиликда муаммо кўламини намойиш этиш учун «уйдаги жанжални кўчага олиб чиқиш»га ўтдилар.

«Ўз жонига қасд қилишнинг бу усулини афзал деб билиш асосан гўёки руҳни поклайдиган ва ахлоқий азоб-уқубатлардан халос қиладиган оловга сиғинишни қадрлаш билан боғлиқ», — деб ҳисоблайди тожикистонлик дипломат ва сиёсатчи Зафар Сайидзода.

Бугунги кунда ўзини ёқиб юбориш ҳолатларига асосий сабаб — бу оилавий зўравонлик, жумладан, эр ёки қариндошлар томонидан жинсий зўравонлик. Баъзида вазият иккинчи хотин пайдо бўлиши билан янада жиддий тус олади, гарчи Тожикистонда кўпхотинлилик ноқонуний ҳисобланса-да.

Социолог Х.О.Хушқадамова 2008 йилдаёқ ўзини ёқиб юбориш ҳодисасини ўрганган. Унинг фикрига кўра, аёллар ўз оилалари ва фарзандларини зўравонликдан ҳимоя қила олмагач шу танловини тўғри деб билиб, суицидга қўл уришади. Муаллиф ўзини ёқиб юбориш ҳаракатларининг иккита турини ажратиб кўрсатган: онгли ва беихтиёр, яъни аёл эҳтиросга берилиб, бу ишни амалга оширганда.

«Навбатдаги калтаклардан кейин менинг бардошим тугади, шийпонга қараб югурдим, устимдан дизел ёқилғисини қуйдим-да, ўзимни ёқдим ва у мени кўриши учун кўчага югуриб чиқдим», — дейди Гулсифат ВВC га берган интервьюсида.

Бундай жамиятда урф-одатлар худди қонунлардан кучлидек. Афсуски, бунга ўхшаш ҳолатлар жуда кўп ва улар бир-бирини такрорлайди. Ўқимаган аёллар эрта турмушга берилади: келажакда улар фаровонлиги эрининг қандай инсон бўлишига боғлиқ. Аёллар ота-она уйига қайтишни ўйлашмайди, чунки бу — шармандалик.

Маълумотсиз ва ҳунарсиз улар ўзи ва болаларини боқиш имкониятига эга эмас. Маданий чегаралар, психологик босим ва иқтисодий муваффақиятсизликлар аёллар учун фақат биттагина ечим қолдиради.

«Сомон хотинлар» ва бефарқлик қурбонлари — ОAВ умидсизлик сари қадам ташлаган аёлларга шундай таъриф беришади. Суициднинг оммавий эпидемиясига маданий ҳодисадек қаралиб, уни урф-одатлар билан боғлашади. Бироқ ҳар бир инсоннинг ҳаёти муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам юзлаб ўлимлар худди сигнал берувчи гулхандек шахсий ҳаётга эмас, балки ҳеч ким ҳал қилмайдиган оммавий муаммога қаратилади.

Шоҳида Исроилова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг