Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Толибон ҳаракати билан навбатдаги музокара Саудияда бўлиб ўтади

Толибон ҳаракати билан навбатдаги музокара Саудияда бўлиб ўтади

Фото: «ИноСМИ»

Гарчи Толибон ҳаракати Афғонистон ҳукуматининг тинчлик ҳақидаги таклифини рад қилган бўлсада, январь ойида АҚШ расмий шахслари билан учрашишга тайёр. Толибон бош вакили «Reuters» агентлигига маълум қилганидек, декабрь ойида Абу-Дабида бўлиб ўтган АҚШ расмий шахслари билан музокаралар январь ойида Саудия Арабистонида давом эттирилади.

Саудия Арабистони ва БАА 1990-йиллар охирларида Толибон ҳаракати Афғонистоннинг катта қисмини, жумладан, Кобулни босиб олганидан сўнг, уларнинг  ҳукуматини тан олган кам сонли мамлакатлардан эди. «Биз АҚШ расмий шахслари билан Саудия Арабистонида январь ойида учрашамиз ва Абу-Дабида охирига етказилмай қолган музокараларни давом эттирамиз», — деди «Reuters» агентлигига  ҳаракат етакчилар кенгаши аъзоларидан бири. — «Бироқ биз барча манфаатдор томонларга Афғонистон ҳукумати билан гаплашмаслигимизни маълум қилдик».

Толибон вакили Забиҳулла Мужоҳид ҳам АҚШ қўғирчоғи деб ҳисоблайдиган Кобул ҳукумати билан гаплашмаслигини маълум қилди. Бошқача айтганда, Толибон Кобул ҳукумати билан музокара олиб боришни рад қилади, чунки реал ҳукумат Вашингтонга тегишли деб ҳисоблайди. Бироқ Кобул пировардида тинчлик битимини Афғонистон ҳукумати имзолаши лозим эканлигини талаб қилиб туриб олган ва Толибон билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш учун катта куч сарфламоқда.

«Музокаралар афғонлар раҳбарлиги остида олиб борилиши ва уларга тегишли бўлиши лозим», — баёнот берди агентликка президент Ашраф Ғани. — «Муҳими, Толибон бу ҳолатни тан олиши керак».

Шунга қарамай, АҚШ Вашингтон томонидан Залмай Халилзода раҳбарлиги остида тўғридан-тўғри музокараларни давом эттирди. Томонлар учрашуви Толибоннинг сиёсий офиси жойлашган Қатар давлатида ўтказилди, сўнгра Абу-Дабига кўчирилди.

АҚШ айнан шу йили Афғонистон президенти лавозимига сайловлар олдидан Толибон билан сулҳ битими тузишдан умид қилмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилишича, Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Толибон Афғонистон ҳудудининг 70 фоизини назорат қилаётганини маълум қилган, НАТО эса мамлакатнинг ярмига яқини ушбу ҳаракат назорати остида эканини билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг