Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тузланган карам кимларга тақиқланади?

Тузланган карам кимларга тақиқланади?

Фото: «Fermer.blog»

Унинг таркибида деярли барча витаминлар бор. С витамини ва В гуруҳидаги дармондорилар (В1, В2, В5, В6, В9), шунингдек, калий, кальций, рух, селен, темир, йод, фосфор, натрий ва ҳоказо. Бундан ташқари, карамдаги клетчатка ва озиқ толаси ҳазм қилиш жараёнларини меъёрлаштиришга, қон томирларни мустаҳкамлашга ҳамда қонда қанд миқдорини камайтиришга ёрдам беради.

«АИФ»да ёзилишича, ачитилган бошқа маҳсулотлар каби тузланган карам ҳам танага озиқ моддаларнинг яхшироқ сўрилишига ва иммун тизими фаолиятини яхшилашга кўмаклашади. Бироқ шунча фойдали хусусиятларига қарамай, унинг истеъмоли ҳаммага ҳам тавсия этилавермайди.

Нега гипертоник ва шишга мойил кишилар эҳтиёткор бўлиши керак?

Тузланган карам туз алмашинуви бузилиши билан боғлиқ касалликлардан қийналаётган одамларга, шунингдек, гипертоникларга тавсия этилмайди. Чунки маҳсулот таркибидаги кўп миқдорли туз артериал босим кўтарилишига сабаб бўлади. Туз сувни бирлаштириб, танада суюқликни ушлаб қолади. Бу эса шиш келиб чиқиши ва артериал босим ошишига омилкорлик қилади.

Қайси касалликларда тақиқланади?

Тузланган карам, шунингдек, меъда кислотаси юқори бўлган, гастрити зўрайган, ошқозон яраси ва ошқозоности бези касалликларидан қийналаётган кишиларга тақиқланади.

Унинг таркибидаги ачитилган маҳсулотлар сут ва сирка кислотасини ҳосил қилади. Шу боис ичаклари заиф кишилар уни емагани маъқул. Чунки клетчатка ва кислоталар аралашиши натижасида газ ҳосил бўлади. Бу эса метеоризм ва қорин шишишини келтириб чиқаради.

Эмизикли аёлларга ҳам ман этилади

Гўдакни эмизиш даврида тузланган карам истеъмол қилиш тақиқланади: бу чақалоқнинг қорни санчиб оғришига сабаб бўлиши мумкин. Гўдак 4 — 6 ойликка тўлганда эмизикли аёл тузланган карамни турли таомларга қўшиб еса бўлади. Шунда ҳам биринчи бор еганда бола танаси томонидан қандай қабул қилинганини назоратга олиш лозим. Тошма, қорин шишиши ёки бошқа нохуш аломатлар юзага чиқса, яхшиси, эмизикли давр тугагунга қадар тузланган карам емай турган маъқул.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг