Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Уч дона гул ва бахтли аёл

Уч дона гул ва бахтли аёл

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам арафасида ишлайдиган аёллар учун ҳар бир ташкилот ўз совға-саломини, ширин каломини аямайди. Шундай пайтда ҳар бир аёл ишлаётганидан, озроқ бўлсада жамиятга фойдаси тегаётганидан хурсанд бўлади. Оила-аъзоларнинг эътибори бошқа, ҳамкасбларнинг эътибори бошқа-да. Ана шундай пайтда ҳар доим хаёлимга ҳеч қачон бирор жойда ишламаган, аммо... аммо уйда ўтириб жамиятга, эл корига ярайдиган фарзандлар тарбиялаб берган ёки ҳатто табриклайдиган фарзанди ҳам йўқ ёлғиз опа-сингилларим четда қолиб кетаётганига озроқ ўкинаман.

Агар фарзандлари оқибатли бўлса, албатта, эслашади, турмуш ўртоғи эътиборли бўлса, эътибордан четда қолмайди. Аммо фарзандлари ҳали ёш, турмуш ўртоғи ёнида бўлмаган аёлларнинг энг бўлмаганда мана шундай байрамда ҳеч ким томонидан ёдга олинмаслиги жуда афсусланарли.

Янгийўллик Меҳри холани яхши танийман. Худди ФҲДЁ мудираси ёки хотин-қизлар қўмитаси ходимасидай кимнинг келини аразлаб кетиб қолса ёки ажримга келиб қолган бўлса, яраштириш билан овора. Ҳеч қандай ваколати бўлмаса ҳам унинг бу аралашуви ўзининг яхши натижасини берган. Оила масаласи билан шуғулланувчилар ҳисоботни янгилаётган бир пайтда, Меҳри хола кимнингдир хонадонида фарзандларни тирик етимликдан асраб қолаётган бўлади. Шундай кўп китоб ўқиганки, саноғи йўқ. Мана, Наврўз яқин. Ҳадемай янги ташкил топган маҳалласидаги хотин-қизларни йиғиб сумалак қилади. Қўшилолмаган имконияти чекланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож опа-сингилларига сумалак тарқатади.

Беш ўғилнинг ичида ёлғиз қиз бўлган Меҳри хола бунда 50 йил олдин «акаларимнинг бари ўқиган, мен ҳам ўқийман», дея уйидан ҳеч кимга билдирмасдан кетиб қолаётганида аммаси: «Ортиқ оқсоқолнинг қизи акаларининг юзига оёқ қўйиб ўқиш учун шаҳарга кетиб қолибди, деган иснодга қандай чидайсан», дея йўлини тўсган. Меҳри хола бир умр ўқимаганлик аламини китобдан олди. Беш фарзандининг барини китобсевар қилди. Ҳозир ҳаммасининг уйида мўъжаз кутубхонаси бор, олий маълумотли. Қизлари ҳамкасблари томонидан ардоқланиб совға кўтариб келганда ҳам қувонч, ҳам «ишлаганлар, ўқиганлар доимо мана шундай ҳурматда», деган ширин армон кўнглидан ўтаётган Меҳри хола ҳақиқий қаҳрамон аёл.

Зангиотанинг Хонобод маҳалласида Зулфия момо яшаган. Таниқли адиб Алиназар Эгамназаровнинг «Беш жангчининг онаси» деб номланган очеркида қаламга олинган қаҳрамон — Зулфия Зокированинг қисмати бир тоғларни йиқитгулик. Беш норғул ўғли урушда дом-дараксиз кетгач, тўрт нафар бева қолган келинларига кўз ёшини кўрсатмаслик учун онаизор ярим тунда ҳовлида пичирлаб фарзандларининг отини айтиб чақирган, сўнгги манзилга кетар чоғида хиралашган кўзлари билан йўлга термулиб: «биттаси бўлсаям келмади-я» дея умрининг охирги дақиқаларда ҳам умидини узмаган. Фарзанд доғида куйган онаизор келинларини ёнига чақириб «ҳаммаларингиз ҳали ёшсизлар, турмушга чиқингизлар», деганида келинлар ҳам бир овоздан «фарзандларимизни бировларга муте қилиб қўймаймиз», дея жавоб берган экан. Бешта қаҳрамонни туғиб вояга етказган Зулфия момони, барча ҳою ҳаваслардан фарзандининг келажагини устун қўйган ўша оналарни, ўша келинларни ҚАҲРАМОН аёллар дегим келади... Улар умрида минбарларда туриб чиройли гаплар айтолмаган, пошнаси баланд туфли кийиб давраларнинг тўрига чиқмаган, зиёфатларнинг, тадбирларнинг боши бўлмаган, аммо матонати, сабр-тоқати билан барчага ўрнак кўрсатган... Бу дунёдан ўтиб кетганлари ўзларидан солиҳ фарзандлар, яхши ном қолдириб кетганлар.

Улар орамизда жуда кўп.

Матонатли Гулноза Саидова.

Ёки бўлмаса имконияти чекланган Гулноза Саидова. Аравага михланганига қарамай ҳали тўгарак ташкил қилиб имконияти чекланганлар орасидан иқтидорлиларни излаб топган, уларнинг ўз йўлларини топишда илк қадамни қўйишга ёрдам берган.

Куни кеча Президентимиз фармони билан таъсис этилган «Мўътабар аёл» кўкрак нишони жамиятимиздаги фаол хотин-қизларга топширилди. Бундай эътибор мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширади, уларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун қулай шароит яратади, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминланади. Мўътабар аёл номига муносиб бўлганлар орасида турли соҳада хизмат қилаётган опа-сингилларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Ва биз ана шундай эҳтиромга муносиб опа-сингилларимиз учун жуда хурсанд бўламиз. Уларнинг барчаси  иззат-икромга лойиқ. Зеро, улар орасида барча соҳа ходимлари бор. Ўқитувчилар, тадбиркорлар, шифокорлар, оилашунос мутахассислар, маҳалла фаоллари... Улар ҳамиша эл олдида, ҳамиша турли танловлар, турли кўриклар, турли байрамларда ҳам қайта-қайта иштирок этади, эътибор марказида бўлади.

Ҳа, телевидение орқали бериладиган байрамларда доимо бир хил қиёфаларни кўриб ўрганганмиз. Бир хил бахтиёр, ҳурмат эътибордан ял-ял ёнаётган қиёфалар, опа-сингиллар. Қўни қўнжи тўла гул. Ҳар байрамда гуллару табрикларга кўмилган аёллар... Ҳавасинг келади. Мен улар орасида аравачага михланган, ҳаётда ўз ўрнини топиш учун тошдек метини билан курашган Гулнозаларни, Меҳри холаларни, 600 минг сўм ойлик иш қидириб тополмаса-да фарзандига уйда ҳунар сирларини ўргатишни оналик бурчи деб билган ёлғиз она — Саодатларни ҳам кўргим келади.

Мана шундай байрамларда умр бўйи боши қора меҳнатдан чиқмаган, телевизорда кўрсатилаётган байрам табрикларида бир-биридан гўзал кийинган, бахтли аёлларни кўриб ўзининг ёрилган қўлларини дастурхон тагига яшириб ўтирган аёллар кўз олдимга келади. Ҳатто эри томонидан унутилган бундай аёлларни фарзандлари оқибатли бўлса, фақат улар эслаши мумкин. Аммо кимлардир қучоқ-қучоқ гул олаётган бир пайтда уларнинг бир дона гулга ҳам лойиқ кўрилмаслиги одамни ўйлантиради. Минбарлардан туриб аёлларнинг ҳуқуқлари, аёлларнинг ижтимоий ҳимоя қилингани, аёлларнинг бахтдан ял-ял ёнгани ҳақида гапираётганлар байрам кунлари уларни унутгани хаёлимдан ўтади. Байрамларда жуда кўп кузатаман, ҳар байрамда табрикланадиган, эсланадиган бахтиёр аёллар бор. Умр бўйи бирор ташкилот ёки идора томонидан бирон марта эсланмаган аёллар бор. Улар мўътабар аёл деган номга лойиқ эмасми?

Масалан, ҳар бир маҳалладан ҳар йили 2-3 нафар ана шундай аёллар эсланса, улар ҳам аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётган бахтли жамиятда яшаётганини англаса, қанийди.

Байрамларда доимо юртнинг фаол аёллари давраларга таклиф қилинади. Лекин имконияти чекланган аёлларни у давраларда кўрмаймиз.

Доимо ҳурмату эъзозда бўлган аёлларга совға-салом, гул улашсангиз ҳеч қачон гул ёки совға салом олмаган аёлдай кўзига ёш келиб йиғлаб юбормайди. Чунки у бахтиёр аёл бундай эътиборга кўникиб кетган бўлади.

Ишонмасангиз бугун, эртага ана шундай маҳаллангиздаги, ён атрофингиздаги оддий, ҳеч қаерда ишламагани учун унут бўлган бирорта аёлга лоақал уч дона гул узатинг — бу эътибордан кўзида ёш айланганини, ўзини бошқача, жуда бошқача ҳис қилганини англайсиз...

Разм қилинг, кузатинг улар орамизда, ёнгинамизда. Улар давранинг тўрида ўтириб олқишу табрикларга бурканмас, ҳеч қачон энг яқинларидан ташқари бирор ташкилот раҳбари йўқлаб ҳам бормас. Аммо улар мен учун ҚАҲРАМОН, улар мен учун энг фаол, энг муқаддас аёллар... Мен бугун уларни барча ҳамюртларим номидан табрикламоқчиман. СИЗГА таъзим ўрни, қадри минбарлардан ҳам, ҳар қандай унвону мукофотлардан ҳам азиз, менинг камтару камсуқум қаҳрамон ОПА-СИНГИЛЛАРИМ!!!                                                   

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг