Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Улар энди қамоқда: бу ўғрилар тўдаси пастдарғомликларнинг ҳаловатини ҳам ўғирлаганди

Улар энди қамоқда: бу ўғрилар тўдаси пастдарғомликларнинг ҳаловатини ҳам ўғирлаганди

Иллюстратив фото

Бир неча йиллар бурун Самарқанднинг Пастарғом туманида катта шов-шувларга сабаб бўлган серияли ўғриликлар ҳақида эшитган чиқарсиз?! Ўғриларнинг дастидан қанча одам азият чекмади, дейсиз.

Келинг, улар содир этган жиноятларни бирма-бир, суд мажлисида ўз исботини топган мисоллар ёрдамида баён қилишга ўтсак...

Куз ойларининг бирида, тунги соат 02:30 ларда уюшган гуруҳ ғимирлаб қолди. Зарнигор, Хосият, Сабриддин, Али, Тожиддин ва Жумақул (исм-шарифлар ўзгартирилган) Пастдарғом туманидаги тадбиркор Комиланинг уйи атрофида тўпланишди. Сабриддининг «Нексия»сида у ва Хосият кўчанинг бошида пойлоқчилик қилишга тушди. Тожиддин ва Жумақул тадбиркор аёлнинг уйига девор орқали ошиб ўтишади.

Ўғрилар ётоқхонадаги темир сейфга қўшиб, унинг ичидаги жами салкам ўттиз миллион сўмлик пул ва бошқа моддий қийматликларни осонгина ўмариб кетишди. Қўлга киритилган ўлжани жиноий гуруҳ аъзолари вазифаларига қараб ўзаро тақсимлаб олишади.

Бу орада бошланган суруштирув ва қидир-қидирлар ҳа деганда натижа бермайди. Пастарғом тумани бўйлаб тарқалган шов-шув, ўғриларнинг кимлар эканлиги аниқланмаётганлиги ҳақида турли гап-сўзлар жиноий гуруҳ иштаҳасини очиб юборади.

Шу тариқа навбатдаги «ов»га чиқилди.

Бу сафар қоқ ярим тунда пастдарғомлик Турсунқулнинг уйига «кутилмаган меҳмон» бўлиб боришди. Одатга кўра ҳовлига девор орқали ошиб киришди. Хонадондан уч миллион сўм пул ва баҳоси 2 000 000 сўмлик уч дона тилла тақинчоқлар билан қайтиб чиқишди.

Бу жиноят ҳам очилмай қолаётганидан мамнун бўлган шоввозлар яна бир пастдарғомликнинг шўрини қуритишади. Алимжоннинг уйидан 24 миллион сўм пул ҳамда умумий баҳоси 25,4 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни «супуриб чиқишади».

Кейинги манзил Жума шаҳрида истиқомат қилувчи Наиманинг хонадони бўлди. Ярим тунда хонадонга тушган «шоввозлар» бу гал ҳам қуруқ қўл билан қайтишмади: жами баҳоси 11 100 000 сўмлик пул ва тақинчоқлар осонлик билан қўлга киритилди.

Шундан кейин жиноий гуруҳ «жим бўлиб кетгандек» туюлди. Аслида эса улар навбатдаги қурбонни излаш билан машғул эди. Тайинли бир «мижоз» топилмагач, ўтган галги манзил — Наиманинг хонадонига яна бостириб киришади. Пичоқ билан қуролланган ҳолда ҳовлига девордан ошиб ўтган ўғрилар Наима ётган хона кириб, уни уйғотишади. Пичоқ ўқталиб, баданига енгил тан жароҳати етказишади. Мақсад темир сандиқ (сейф)нинг калитини олиш эди. Шу орада Наиманинг қўшни хонада ётган турмуш ўртоғи Ғолибжон шовқин-сурондан уйғониб кетади. Қарасаки, уйида «чақирилмаган меҳмонлар» бор. У тезда ташқарига отилиб, қўшниларни ёрдамга чақиради. Иш чаппасига кетаётганини билган ўғрилар хонада турган баҳоси 100 минг сўмлик «Самсунг» русумли ва баҳоси 460 минг сўмлик «Нокиа» русумли уяли телефон аппаратларини олиб, жуфтакни ростлашади.

Сўнги ўғрилик яна Пастдарғом тумани ҳудудида содир этилади. Уюшган гуруҳ Икромнинг уйи олдига келиб тўхтайди. Уй эгалари йўқлигидан фойдаланиб, уйнинг ертўласидаги деворга ўрнатилган темир сейф эшигини бузишади. Ундаги 15 минг АҚШ долларини, уйдаги жавон ичидан 120 минг сўмни, баҳоси 70 минг сўмлик «Нокиа» русумли уяли телефон аппаратини, баҳоси 250 минг сўмлик қора рангли аёллар курткасини, баҳоси 80 минг сўмлик DVD-плеер ва бошқарув пультини, жами 26 774 050 сўмлик мол-мулкини ўмариб кетишади.

Бундай «фаолият» узоқ чўзилмаслиги аён эди. Ажойиб кунларнинг бирида жиноятчиларнинг барча қилмишлари фош этилди.

Суд мажлисида судланувчи, жабирланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини тингар экансиз хаёлингиздан турли ўй-фикрлар кечади. Қонун доирасида берилган жазо алоҳида масала. Гап жиноятчиларнинг яқинларига нисбатан жамоатчиликнинг муносабатида. «Ўғрининг акаси», «ўғрининг боласи», «ўғрининг отаси», деган таънанинг маънавий залворини тасаввур қиляпсизми? Шуям жамоатчилик назоратининг бир кўриниши эмасми?!

Ҳабибулла Чиниев,
жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани судининг раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг