Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Умид Аҳмаджонов FIFA саммитида қатнашиш учун жўнаб кетди

Умид Аҳмаджонов FIFA саммитида қатнашиш учун жўнаб кетди

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов FIFA саммитида қатнашиш учун бугун, 11 декабрь куни эрта тонгда Қатар мамлакатига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

11-13 декабрь кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида FIFAга аъзо 5та конфедерациядан 50 та мамлакат вакиллари турли масалаларни муҳокама қилишади. Мазкур мамлакатлар қаторида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам FIFA саммитига таклиф этилган. Доҳа шаҳри 2017 йилнинг февраль ойида ҳам FIFA саммитига мезбонлик қилганди. Бу FIFAнинг Доҳадаги иккинчи саммити бўлади.

Қатардаги саммитда FIFA томонидан ташкил этилаётган мусобақаларга тайёргарлик жараёни муҳокама қилиниб, ташкилий қўмита ҳисоботлари тингланади. Шунингдек, FIFAга аъзо футбол ассоциацияларини молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинади. Бундан ташқари, VAR тизимини ривожлантириш бўйича ҳам амалий таклифлар кўриб чиқилади.

«FIFAга аъзо футбол ассоциациялари вакиллари билан тез-тез учрашиб туриш жуда ҳам муҳим. Мазкур учрашувлар давомида уларни қийнаётган масалалар тингланиб, уларга амалий ёрдам бериш чора-тадбирлари кўриб чиқилади. FIFA саммитлари орқали бутун дунё футболидаги глобал муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қиламиз», – дея ўз фикрларини билдириб ўтди FIFA президенти Жанни Инфантино бўлажак саммит ҳақида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг