Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Устюртда қулонлар борми..?

Устюртда қулонлар борми..?

Устюрт кенгликлари бўйлаб навбатдаги рейдга чиққан «Сайгачий» мажмуа ландшафт буюртма қўриқхонаси ходимлари қулон ва жайронлар тўдасига дуч келди. Қўриқчилар табиатдаги ушбу ноёб ҳайвонларни Устюртнинг жанубий-шарқий қисмида жойлашган Қорақалпоғистоннинг Туркманистон билан чегарадош ғарбий қисмида, яъни Сариқамиш ҳавзаси ҳудудида учратган.

- Биз ҳар ойда икки-уч маротаба сайғоқлар яшайдиган ҳудудларни айланиб чиқамиз. Навбатдаги шундай рейд сафаримиз Туркманистон ва Қозоғистон давлатларининг Ўзбекистон билан чегараларини, яъни Қорақалпоғистоннинг ғарбида чўзилиб ётган Устюрт кенгликлари бўйлаб амалга оширилган эди, - дейди «Сайгачий» мажмуа ландшафт буюртма қўриқхонаси инспектори Байрам Утеулиев. – Сариқамиш кўлининг атрофида ҳар хил ёввойи ҳайвонларни ва қушларни, хусусан тўнғиз, тулки, қарсоқ, шақал, бўрсиқ, бойқуш, бургутларни кўрдик. Шунингдек, бўриларнинг изларига ҳам дуч келиб турдик. Бизни ҳайратга солгани Устюртда қулон ва жайронлар тўдасининг мавжудлиги эди. Уларни тасвирга муҳирлаш учун автотранспортда изидан қувиб кадр олишга муваффақ бўлдик.

Устюртда ҳақиқатдан ҳам қулонлар борми деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Баъзи илмий маълумотларда келтирилишича, ХIХ асрда Ўзбекистоннинг Устюрт кенгликларида кўп миқдорда учраган туркман қулонлари (фанда лот. Equus hemionus onager) ХХ асрнинг 30-йилларига келиб бутунлай қирилиб кетган.

Қулон Халқаро табиятни муҳофаза қилиш ташкилотининг Қизил китобига, Йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги Конвенциянинг (СИТЕС) Иловасига ва Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига ёввойи табиатда йўқолиб бораётган ҳайвонот тури сифатида киритилган.

Қулонлар Устюрт чўли ва ярим чўлларида озиқланади. Ёзда асосан кичик тўда бўлиб сувотларда учрашади, қишда эса катта тўда бўлиб саҳро узра кўчиб юради.

2011-2014 йилларда Устюртнинг Қорақалпоғистон қисмида экспедиция олиб борган олимлар Қорақалпоғистоннинг Туркманистон билан туташган шимолий-ғарбий чегарасида 9 қулондан иборат тўдани аниқлаб, фанда расман қайд қилган эди.

Биология фанлари доктори, профессор Светлана Мамбетуллаеванинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўсимликлар ва ҳайвонотлар олами генофонди томонидан ташкил қилинган экспедицияда Ўзбекистон учун илк бор Қорақалпоғистон ҳудудидаги Устюртнинг жанубий-шарқий томонида кулоннинг мавжудлиги аниқланди. Қулонларнинг Қорақалпоғистонда қайта пайдо бўлиши ўта муҳим янгилик.

Қулонларнинг сонининг ўсишига бир сабаб – бу Туркманистон билан Ўзбекистон территорияси (Қорақалпоғистон) чегарасига аҳоли яшайдиган пунктларнинг олислиги, йўлнинг оғирлиги ва чегара режимининг сақланишидир.

- Қулонларни асрашимиз керак, уларнинг бос сонини кўпайтиришимиз зарур, дейди профессор С.Мамбетуллаева. - Қулонларни сақлаш учун уларнинг яшаш жойи шароитини, ўт-ем базасини, озиқланиш ҳолатларини яхшилаш ва табиий душманларидан муҳофаза қилиш бўйича доимий мониторинг олиб бориш керак. Оролбўйи минтақасида, хусусан, Барсакелмес, Шақпақти, Қулонтақир, Ассаке-Аудан ҳудудларида қўриқхона ва заказниклар ташкил қилиш лозим.

Сариқамиш кўлида фаолият олиб бораётган балиқчилар ҳам ҳудудда қулонлар тўдасини тез-тез кўриб туришини таъкидлайди.
Сайгачий» мажмуа ландшафт буюртма қўриқхонаси ходимлари ушбу рейд сафарида Устюртда, Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегарасида, Қапланқир деб номланувчи ҳудудда узоқдан архарларни (фанда лот. Ovis vignei arkal) кўрганини ҳам таъкидлайди. Қўриқхона зарур техник ускуналар (профессионал фотоаппарат, дрон ва ҳ.) билан таъминланмаганлиги боис бу ҳайвонотларни тасвирга олиш имкони бўлмаган.

Қўриқхона ходимлари ушбу ва кейинги сафарларида Устюртда кўплаб ажойиботларга дуч келиб турган. Бу ҳақида кейинги мақолаларимизда батафсил ҳикоя қиламиз. Бизни кузатиб боринг.

Есимхон Қаноатов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг